Учинчи Ренессанс — миллий ғоя сифатида

16:19 08 Сентябр 2020 Жамият
95076 0

“Халқ сўзи ONLINE”

Жонажон диёримиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев тантанали табрик нутқида тараққиётимизнинг мақсади Учинчи Ренессанс бўлиши лозимлигини таъкидлади. Ниҳоятда жозибали мазкур стратегик ғоя ўзининг улуғворлиги, миллий юксалиш барча жабҳаларда қандай умумий мақсадни кўзламоғи зарурлигини кўрсатади. Амалда давлат раҳбари тараққиётнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон миллий ғоясининг янги ва аниқлаштирилган мазмунини ифодалади. 

Учинчи Ренессанс ғоясини, аввало, жамиятимиз чуқур англаб олмоғи керак. Ҳар жабҳада, соҳада қиладиган ишларимиз, режаю истиқбол дастурларимиз, таълим-тарбия ва кадрлар сиёсати, инвестицион сиёсат — барчаси унга шароит ва муҳит яратишга қаратилмоғи лозим.

Ренессанс нима? Нега Учинчи Ренессанс дейилмоқда?

“Ренессанс” луғавий французча “қайта туғилиш” деган маънони англатади. Атама сифатида унинг мазмуни анча кенг: маданиятда, илм-фанда, санъатда, таълим-тарбияда, умуман, жамият ҳаётида узоқ муддатли турғунликдан кейин қайта жонланиб, тез ривожланишни, ижтимоий онг ва қадриятлар тизими янги сифат босқичига чиқишини билдиради. Илк бор атама Европада ўрта асрлар мутаассиблигидан кейин 15-16 асрлардаги ривожланиш даврига нисбатан қўлланилган. Ренессанс аталмиш мазкур ижтимоий ҳодиса ўзбек тилига Уйғониш даври деб ўгирилган.

Австриялик атоқли шарқшунос Адам Мецнинг 1909 йилда “Мусулмон Ренессанси” номли фундаментал асари чоп этилган. Шундан буён Ренессанс фақат Европага оид ҳодиса эмаслиги, уни Шарқ халқлари европаликларга нисбатан аввалроқ бошдан кечиргани тўғрисидаги қарашлар ва тадқиқотлар пайдо бўла бошлади. Россиялик буюк шарқшунос академик Н. Н. Конрад Ренессанс VII — VIII асрларда Хитойда бошланиб, VIII асрда Ҳиндистонда давом этгани, ундан IX-XII асрларда ислом мамлакатлари эстафетани қабул қилгани, мўғул истилоси туфайли анча пасайиб қолган юксалиш Амир Темур ва темурийлар даврида яна қайта гуркураб ўсганини таъкидлайди. У Ўрта Шарқ Уйғониш даврини Алишер Навоий замонасигача чўзади. Жавоҳарлал Неру Бобурни ҳам Ренессанснинг типик вакили, деб баҳолаган эди.

XV асрдан Ренессанс Европага силжиди. Бу пайтга келиб Европа 300 —350 йил давомида ислом олимлари, жумладан, бизнинг буюк аждодларимиз асарларини, айниқса, Хоразмий, Фарғоний ва Ибн Сино асарларини лотинчага ўгириб, чуқур ўзлаштириб олган эди. Европа Уйғонишига жуда кучли таъсир кўрсатганлардан бири Ибн Рушддир. Европа фалсафаси ва илмий тафаккурида XVI аср ўрталаригача аверроизм (Ибн Рушд таълимотига асосланган оқим) мавқеини сақлаб турди.

Афсуски, XVI асрнинг 30 — 40 йилларида бизда анъанавий жамият узил-кесил қарор топди. Илмий, бадиий изланишларга ижтимоий эҳтиёж пасайиб кетди. Ўтмиш ютуқлари олдида қуллуқ қилиш, уларни идеаллаштириш ва фақат такрорлашга уриниш, янгиликларга салбий муносабат шаклланди. Аста-секин чуқур турғунлик ва инқироз бошланди. Улар нохуш ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, диний-мафкуравий, регионал низолар ва айирмачилик каби сабаблар билан қўшилиб қолоқ бўлиб қолишимизга, XIX аср иккинчи ярмида миллий мустақиллигимизни йўқотишга олиб келди. Ўтмишдан биринчи бўлиб теран тарихий хулоса чиқарган — жадид боболаримиз эди. Улар таклиф қилган ислоҳотлар миллатни қайта уйғотиш, тараққиёт томон буришни кўзлади. Аммо мустабид ҳокимият жадидлар ҳаракатини авж олмасдан бўғиб қўйди.

Мустақилликка эришгандан кейин дастлаб чорак аср давомида миллий тикланиш билан шуғулланишга тўғри келди. Эндиликда миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтганимиздан кейин, учинчи Ренессансга эришишни давлат раҳбари стратегик вазифа этиб қўйди. Ҳақиқатан тарихан олганда биз икки Ренессансни бошдан кечирдик: биринчиси IX — XII асрлар, иккинчиси XIV аср охирги чораги — XVI аср биринчи чораги. Биринчи Ренессансда юртимиздан Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий каби буюк даҳолар, буюк муҳаддислар — Бухорий, Термизий, мутакаллимлар — Мотуридий ва Абул Муин Насафий ҳамда бошқа атоқли дунёвий ва диний алломалар шуури оламни ёритди.

Иккинчи Ренессансда — Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод, буюк меъморлар, бастакорлар, мусаввирлар, тарихчилар чиқиб, бугун ҳам дунёни лол қолдираётган асарлар яратдилар.

Ҳар икки Ренессанс даврида биз дунёнинг илғор, мутараққий халқлари қаторида эдик. Агар яна шундай даражага эришмоқчи бўлсак, Учинчи Ренессансни амалга оширмоғимиз зарур.

Учинчи Ренессанс миллий ғояга айланиши зарур

Миллий ғоя аслида муайян халқнинг олий истиқбол мақсадини бир неча сўзларда ёки иборада мужассам ифодаловчи тушунчалар ёки шиор, иборадир. У халқни ўша мақсад йўлида бирлаштиради, сафарбар этади. Халқ барча саъй-ҳаракатларини, интилишларини, бунёдкорлик фаолиятини унга мувофиқлаштиради. Зарур бўлса, иқтисодий, ижтимоий муносабатларини, мамлакатнинг ҳуқуқий, сиёсий, мафкуравий асосларини, таълим-тарбия тизимини чуқур ислоҳ қилади. Миллий ғоянинг асосий вазифаларидан бири, аввало, халқнинг жипслигини, бирлигини, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдир. Иккинчидан, миллатнинг олий мақсадини, ривожланиш марраларини, мўлжалларини умумий тарзда аниқлайди. Миллий ғоя турли ибораларда ифодаланиши мумкин. Лекин ифода шаклидан қатъи назар, халққа истиқболни, ижтимоий мўлжални кўрсатиши шарт.

Истиқлолга эришганимиздан кейин дастлабки йилларда “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” шиори олға сурилди. У амалда миллий ғоя вазифасини ўтади ва халқни бирлаштиришда, сафарбар этишда катта роль ўйнади. Мазкур жозибали шиорда урғу жамиятга эмас, давлатга берилганди. Кейинчалик миллий ғоя шаклан такомиллаштирилганда “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт” ибораси олға сурилди. Унда урғу сиёсий ташкилотга (давлатга) эмас, балки ҳар киши учун, сиёсий, мафкуравий қарашларидан қатъи назар, бирдек азиз Ватанга ҳамда шахс ва жамият ҳеч қачон бефарқ бўлмайдиган эркинликка ва фаровонликка қўйилди. Миллий ғоянинг бундай тушунчавий ифодаси анча мукаммаллик касб этди.

Аммо унинг мазмунини, уни амалга ошириш вазифаларини очиб беришга етарлича масъулият билан ёндашилмади. Айниқса, у ислоҳотларнинг йўналишлари, соҳалари, турли босқичлари, амалдаги ва эҳтимолдаги муаммолари билан боғланмади. Натижада у мафкуравий чақириқ, қуруқ шиор даражасида қолиб кетди. Аниқ муаммолар ва вазифалардан йироқлиги учун одамларга таъсири аста-секин сусая бошлади.

Катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинган “Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт” бугун иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётимизга реал таъсир кўрсатаётирми, деган саволга аниқ жавоб бериш анча мушкул. Миллий ғояни жонлантириш учун уни Учинчи Ренессанс ғояси билан бойитиш зарур. Фақат Учинчи Ренессансни амалга ошириб, биз озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон ҳаётни барпо эта оламиз. Ёки, яна қулайроғи, Учинчи Ренессансга эришишни миллий ғоянинг янги ифодаси, деб эълон қилиш мақсадга мувофиқ.

Миллий ғоя жорий вазифаларни эмас, балки стратегик олий мақсадни ифодалайди. Шу маънода Учинчи Ренессанс ғояси истиқболга интилишга жуда мос келади. Мазкур ғоянинг сафарбарлик кучи, умуман, мафкуравий салоҳияти жуда юқори. Айни чоғда ўтмиш тарихимизнинг шонли саҳифалари, буюк аждодларимизнинг бунёдкорлик ва ижодкорлик салоҳияти билан боғланади. Бизга мазкур тушунча кимларнинг ворислари эканимизни эслатиб туради. Янги Ренессанс йўлида халқимиз турли майда, вақтинчалик масалаларга, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, айирмачилик, мафкуравий мутаассибликнинг ҳар хил кўринишларига чалғимаслиги керак. Тарих сабоқларини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Учинчи Ренессанс ғояси миллий руҳиятимизга, халқимиз армон-орзусига яқин. Зотан, халқ илгари оққан дарёси яна оқишини астойдил истайди.

Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётий ва таъсирчан миллий ғояга айлантиришни нимадан бошламоқ керак?

Ҳолва деган билан оғиз чучимаганидек, Ренессанс деган билан у содир бўлиб қолмайди. Бунинг учун ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб борилиши, халқда руҳий кўтарилиш, қатъий иродали интилиш юз бермоғи зарур.

Аввало, тушунча мазмунини аниқ очиб бериш, аҳолининг барча қатламлари, аввало, ёшлар онгига етказиш керак. Ўтмиш ренессанслари даврида аждодларимиз нималарга эришганини, жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини, бошқа халқлар, минтақалар ютуқлари билан таққослаб, жаҳоннинг етакчи маданиятларидан, илм-фани, санъати ва адабиётларидан бирини, илғор ижтимоий фикру қарашларини яратганини қисқа, лўнда, дабдабали жумлаларсиз ёритиш зарур.

Шунингдек, уларнинг инқироз сабаблари холис таҳлил этилмоғи лозим. Буюк географик кашфиётлар туфайли Буюк Ипак йўлининг тўхтаб қолгани объектив сабаблардан бири бўлса-да, ички ва ташқи низолар, тахт талашлар, айирмачилик ва уч давлатга бўлиниб кетиш, инсон комиллиги фақат инсоннинг ички дунёсига қаратилиб, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига етарлича эътибор бермаслик каби субъектив омиллар инқирозни келтириб чиқарган асосий сабаблар эди. Тарихдан сабоқ олиш, тегишли хулоса чиқариш учун булар ёшлар, аҳоли онгига етказилиши керак. Биз кўпроқ аввалги уйғониш даврларимизнинг ютуқларини фахр билан эътироф этиб, негадир уларнинг инқирози сабаблари ҳақида гапиришни унчалик хушламаймиз.

Биринчи ва иккинчи ренессансларнинг тарихий шароити ва даври талаблари, имкониятларини ҳаққоний баҳолаб, Янги Ренессанснинг тарихий шароитлари ва талаблари мутлақо ўзгача эканини асослаш, далиллаш мақсадга мувофиқ.

Учинчи Ренессанс тўртинчи саноат инқилоби билан мувозий, бир вақтда кечади. Шу сабабдан у, аввало, технологик инқилобни, юксак ривожланган рақамли смарт (ақлли) иқтисодиётни тақозо қилади. Ўз навбатида, рақамли, смарт иқтисодиётга ўтиш учун ишлаб чиқаришни босқичма-босқич модернизация қилиш, автоматлаштириш, роботлаштириш талаб этилади. Мазкур жараён Ўзбекистонда қандай босқичларда амалга оширилиши, унинг моддий-молиявий, инсоний, илмий ва илмий-технологик таъминоти бўйича истиқболли аниқ комплекс дастурлар янги Ренессанс ғояси билан мафкуравий жиҳатдан боғланиши шарт. Илмий, илмий-технологик таъминот тақозосидан келиб чиқиб, таълим-тарбия соҳасининг барча бўғинлари узлуксиз ислоҳ этиб борилиши керак.

Аввалги иккала Ренессанс мустаҳкам маънавий-мафкуравий негизда, биринчи галда юксак ахлоқийлик, адолат, илмга ташналик ва бағрикенглик асосида юз берган. Ислом ҳалоллик ва тўғриликни, инсоф ва адолатни, илм ва амалий фаолликни ҳамма нарсадан устун қўйган. “Илм излаб Чинга бўлса-да, бор”, “Сендан ҳаракат — мендан баракат”, “Бир соатлик адолат барча инсу жинсларнинг қирқ кунлик ибодатидан устун” ва кўплаб шу каби ҳадислар, нақллар аждодларимизнинг ижтимоий мўлжалига айланган эди.

“Байтул ҳикма”да 40 дан ортиқ таржимонлар қадимги юнон тилидан, 14 нафар таржимон санскрит тилидан, 4 нафар таржимон Хитой тилидан илмий, тиббий ва фалсафий асарларни арабчага ўгирган. Бундан ташқари, лотин, сурёний, иброний тиллардан таржимонлар бўлган. Илмий ҳақиқат диний мансубликдан устун қўйилган. Бу асар маъжусийларники, буниси кофирларники деб инкор қилинмаган. Аждодларимиз тил ўрганиб, илм ортидан дунёни кезган. Маҳдудлик қобиғига ўралиб қолмаган, турғунлик, маҳаллийчилик уларга ёт бўлган.

“Байтул ҳикма”, Хоразм Маъмун Академияси, умуман, ислом олами олимлари фаолияти ўша даврдаги халқаро илмий интеграциянинг энг ёрқин намунасидир. Биринчи ва иккинчи ренессансларнинг маънавий асосларини ва сабабларини ҳамда кейинги инқирозини чуқур ўрганмасдан, биз Учинчи Ренессансни муваффақиятли амалга ошира олмаймиз. Бугун ҳам бизга ғоявий ва илмий толерантлик (бағрикенглик), илмга, ҳақиқатга ташналик, миллий маҳдудликни, ғоявий мутаассибликни тамомила инкор этиш хос бўлмоғи лозим.

Юқоридагилардан аёнлашмоқдаки, Учинчи Ренессанс биздан халқаро ҳамжамиятга илм-фан, технологиялар, ахборот, маданият ва иқтисодиёт соҳаларида янада чуқурроқ интеграция бўлишини талаб этади. Аммо ўзлигимизни, тилимизни, миллий хусусиятларимизни, маънавиятимизни сақлаб қолишимиз шарт. Бу эса таълим-тарбия тизимига жиддий эътибор қаратишни билдиради.

Инсон — Янги Ренессанс ижодкоридир

Ҳар бир жамият ўзига зарур шахсни тарбиялайди. Унга ўз тараққиёти даражаси ва тенденцияларидан келиб чиқиб ахлоқий, эътиқодий, касбий-профессионал, ҳуқуқий ва бошқа қатор талаблар қўяди. Жамият тараққиётининг пировард мақсади ҳам инсон, унинг фаровон, эркин ва хавфсиз турмуш кечиришидир. Жамият талабига тўлиқ жавоб берадиган киши турли даврларда ҳар хил аталган. Юсуф Хос Ҳожиб уни “тугал эр”, Форобий “фозил киши”, тасаввуф намояндалари “комил инсон” деб атаганлар. “Ҳар томонлама ривожланган шахс”, “уйғун ривожланган шахс” атамалари ҳам қўлланилган.

Мустақилликдан кейин биз шахсга нисбатан “комил инсон”, ёш авлодга нисбатан “баркамол авлод” атамаларини қўллай бошладик. Гап атамада эмас. Қандай сифатни қўлламайлик, келажак инсонини тарбиялашда биз, аввало, жамият тараққиёти тенденцияларини ва айни пайтда миллий маънавиятимиз хусусиятларини ҳисобга олмоғимиз лозим. Бинобарин, сунъий интеллект ва юксак технологияларга таянадиган “тўртинчи саноат инқилоби” инсонга қўядиган талабларини олдиндан моделлаштиришимиз ва таълим-тарбия тизимини уларга мослаштиришиз керак.

Худди шундай миллий идентлигимизни сақлаб қолиш учун она тилимизни, тарихимизни, адабиётимиз ва санъатимизни етарлича ўргатишнинг оптимал йўлларини топмоғимиз лозим. Урф-одатларимиз ҳам такомиллаштирилиши ва замонавийлаштирилиши жуда зарур. Ижтимоий онгда, одамларнинг хатти-ҳаракатларида бурилиш юз бериши, янги идеаллар ва қадриятлар қарор топмоғи даркор.

Учинчи Ренессанс ғоясини ўқитиш ва кенг жамоатчилик онгига етказишда ниҳоятда эҳтиёткор бўлиш, меъёрдан ошириб юбормаслик талаб этилади. Мафкуравий ишларда совет давридан қолган бир иллат бор: ҳар қандай ғоя тарғиботини кампаниябозликка айлантирамиз.

Билганни ҳам, билмаганни ҳам эртаю кеч тинимсиз гапиртирамиз, одамларнинг меъдасига тегиб қолганини сезмаймиз. Ғоянинг мазмунини аста-секин жўнлаштирамиз, баъзи жиҳатларини эса беихтиёр сохталаштириб қўямиз.

Диалектика қонунига биноан меъёр бузилса, ҳар қандай жараён ўзининг инкорига айланади. Оддий тилда бу “қош қўяман деб, кўз чиқариш” дейилади. 2000 йилда эълон қилинган миллий ғоя ана шундай муносабатга учради. Шошиб уни таълимнинг барча бўғинларига жорий қилдик, лекин ғоянинг илмий тадқиқотига ва асосланишига деярли эътибор бермадик. Ислоҳотларнинг аниқ вазифалари ва соҳаларнинг хусусиятлари билан боғлаб, жонли мазмун бағишлаш хаёлимизга келмади. Натижада у мафкурабозлик домига тушиб қолди.

Учинчи Ренессанс ғоясининг оралиқ босқич вазифалари аниқланиши керак. Масалан, 2030 йилда, 2040 — 2050 йилларда биз аҳоли жон бошига тахминан қанча ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқарамиз, жаҳон рейтингида тахминан қандай ўринларга кўтариламиз. Таълим, маданият, илм-фан соҳаларида қандай кўрсаткичларни, марраларни забт этамиз. Улар бўйича мўлжаллар белгиланиши лозим. Шунда мазкур ғоянинг сафарбарлик таъсири конкрет ва кучли бўлади. Аммо мўлжаллар ҳавойи бўлмаслиги, конкрет рақамлардан ташкил топмаслиги керак. Янги АКТ, нанотехнологиялар, биотехнологиялар, сунъий интеллект яратиш ва шу каби йўналишлардаги вазифалар ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур.

Ҳар қандай буюк режалар, буюк ғоялар инсон эҳтиёжлари, турмуши яхшиланиши, эркинлиги ортиши ва маънавий камолоти билан бевосита боғлансагина, ҳаётийлик ва реаллик касб этади. Акс ҳолда у ҳавойи орзу ҳаваслигича қолиб кетади.

Президентимизнинг табрик нутқида асосий йўналишлар ва вазифалар белгилаб берилди. Энди ҳаммамиз, бутун жамиятимиз, уларни амалга оширишга киришмоғимиз лозим.

Абдураҳим ЭРКАЕВ, 
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер