“Учар тўп” спорт тури оммалашиб бормоқда
Марҳамат туманида истиқомат қилувчи Жамолиддин Бўтақулов бундан икки йил муқаддам “Учар тўп” номли жамоавий спорт турини яратди. Дастлаб тумандаги 24-мактабда синов тариқасида ўйналгач, ёшлар ўртасида оммалаша бошлади. Айниқса, қўшни мактаблардан ҳам қизиқувчилар кела бошлагач, у мутахассислар ҳукмига ҳавола этилди. Табиийки, бунда спортнинг ўзига хос талаблари ҳисобга олинди ва янги спорт тури сифатида тан олинди. 2022 йилнинг 13 апрель куни эса Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан расман қайд этилиб, гувоҳнома топширилди.
— У жамоавий ўйин бўлиб, 14 нафар иштирокчи иккига бўлинган ҳолда беллашади, — дейди Тошкент шаҳридаги “Ёш тадбиркор университети” ўқув маркази тингловчиси Жамолиддин Бўтақулов. — Волейбол, баскетбол, қўл тўпи каби спорт турларига хос бўлган жиҳатларни ўзида мужассам этган ушбу спорт тури қўлда ўйналади. Бошқа спорт турларидан фарқи, иштирокчидан ортиқча куч талаб қилмаган ҳолда, чаққонлик ва серҳаракатлиликни талаб этади. Имкониятлари эса унинг оммавийлигида. Яъни, эркак ва аёллар ёшидан қатъий назар бемалол шуғулланишлари мумкин.
“Учар тўп”да асосий восита қўл тўпи бўлиб, у ғилдираксимон резинадан иборат. Ўртаси доира шаклидаги очиқ ҳолатда бўлади. Бу тўпни ушлаш учун ўйинчига бир қанча қулайликларни келтирибгина қолмасдан, узоқ масофага улоқтириш имконини ҳам беради. Натижада бошқа ўйинчиларнинг ҳушёрлиги ва ҳаракатчанлигини оширади. Улоқтирилган тўп ёйсимон дарвозага киритилиши орқали ғалаба сари йўл очади.
— Айни пайтда тумандаги 24-мактабда тўгарак ташкил этганмиз, — суҳбатда давом этади Жамолиддин Бўтақулов. — Унда салкам юз нафар йигит-қиз ушбу спорт турини ўзлаштиришяпти. Бир неча бор мактаблараро беллашувлар ташкил этдик. Тез орада туман биринчилиги учун мусобақалар уюштиришни режалаштирганмиз.
Янги спорт тури ўзининг барча учун бирдек тартиб-қоидаларга, имкониятларга эга эканлиги билан кўпчиликка манзур бўляпти. Қолаверса, у иштирокчиларни ўзаро жипслаштирувчи, бир мақсад сари ҳаракат қилишга ундовчи қизиқарли машғулот сифатида ҳам эътиборга тушмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг