“Ёш китобхон” танловининг уч нафар ғолибига Президент совғаси — “BYD Chazor” автомобиллари топширилди

Фото: "Халқ сўзи"
Мана неча йилдирки, навқирон авлод вакилларининг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, маънавий ва маърифий дунёсини бойитиш, уларда танқидий фикрлаш ҳамда билим олиш истагини шакллантириш мақсадида “Ёш китобхон” танлови анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Бу галги танловнинг республика босқичи жорий йилнинг 24 – 31 март кунлари ташкил этилиб, иштирокчилар “Бадиий асарлар билимдони”, “Тезкор савол-жавоб”, “Буюк мутафаккир ва адиб”, “Шеърият” ва “Квест” шартлари асосида ўзаро беллашишди.
Танлов натижаларига кўра, 10 – 14 ёш тоифасида 1-ўринни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидан Дилбархон Ҳайдаровага, 2-ўринни Самарқанд вилояти Нуробод туманидан Гулмира Норпўлатовага, 3-ўринни эса Навоий вилояти Зарафшон шаҳридан Настарин Иброҳимова қўлга киритди.
15 – 19 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида эса 1-ўринга Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидан Ўғилжайрон Халдурдиева, 2-ўринга сирдарёлик Шаҳнозабону Муродова, 3-ўринга эса самарқандлик Моҳинур Муҳторова эгалик қилди.
20 – 30 ёш тоифасидаги беллашувда Хоразм вилоятидан Мафтуна Очилова биринчи, Бухоро вилоятидан Шамшода Ҳамдамова иккинчи, Самарқанд вилоятидан Очилова Мухлиса учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди ва ғолиб ҳамда совриндорларга мукофотлар топширилди. Жумладан, билимлар беллашувида биринчи ўринни қўлга киритган ёш китобхонлар Президент совғаси — “BYD Chazor” электромобиллари билан тақдирланди. Иккинч ўрин эгалари 75 млн., 3-ўрин эгалари эса 50 млн. сўм билан тақдирланишди. Шунингдек, қолган фаол иштирокчилар ҳам 10 млн. сўм пул мукофотига эга бўлишди.
— Китоб менинг болаликдан энг яқин дўстим, қўлимга илк бор онам келтирган рангли китобчани олганим ва катта қизиқиш билан варақлаганим ҳали ҳамон эсимда, — дейди 20 – 30 ёш тоифасидаги 1-ўрин соҳиби Мафтуна Очилова. — Ўтган йиллар мобайнида китоб билан янада қадрдон бўлиб кетдим. Тўғрисини айтсам, ҳар куни камида 3-4 бет ўқимасам кўнглим жойига тушмайди, нимадир камдек туюлаверади. Мана, бугун китобга муҳаббатим менга музаффарлик келтирди, ғолиблар сафида мағрур турибман. Ишонаманки, бу ҳали бошланиши китоб ҳали мен ва мен каби ёшларга кўплаб яхшиликлар олиб келади.
Қайд этиш жоизки, ушбу беллашув бугун юртимиз ёшларнинг севимли танловига айланиб улгурди, бу билиш учун ўтган йиллардаги натижалар ва ютуқларга бир қур назар ташласак.
Мусобақага бугунга қадар 4,7 миллиондан ортиқ ёшлар қамраб олинган бўлиб, танловнинг республика босқичида 238 нафар ёш китобхон иштирок этган ва 17 нафари ғолибликни қўлга киритиб Президент совғаси — “Спарк” ҳамда 3 нафари “Кобалт” автомашинаси билан тақдирланган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 14 нафар қиздан 8 нафари давлатимиз раҳбари томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган ва бугун улар турли йўналишларда таълим олиб, самарали фаолият кўрсатиб, бошқаларга ўрнак кўрсатиб келишмоқда.
Таҳлилларга кўра, китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар айнан “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар бўлиб, бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклиф ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2024 йилда 913 мингга яқин ёшлар мусобақада қатнашиш истагида ариза юборган ва шулардан 42 нафари республика босқичига етиб келди.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг