Уч ҳудудда «яширин омбор»лар фош этилди

10:22 19 Март 2026 Жамият
166 0

Видеодан кадр

Наманган, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида сифати кафолатланмаган дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар органлари ва «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» ДМ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда Косонсой туманида яшовчи, 1971, 1975 ва 1990 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро томонидан туманнинг «Ўрикзор», «Гулобод» ва «Маҳдуми Аъзам» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ташкил этилган 3 та «яширин омбор» фош этилган.

Натижада 723 турдаги жами 57422 дона хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва сифат сертификатига эга бўлмаган, шунингдек, айримларининг яроқлилик муддати ўтган контрафакт дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» ДМ ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда эса Қарши туманида истиқомат қилувчи, 1965 йилда туғилган шахс ўзининг яшаш хонадонида тегишли лицензиясиз дорихона ташкил қилиб, 82 турдаги жами 1520 дона меъёрий ҳужжати бўлмаган дори воситаларини сотиб келаётгани аниқланган.

Бу каби қонунбузилиш ҳолати Самарқанд шаҳрида ҳам қайд этилиб, жумладан, 1980 йилда туғилган маҳаллий фуқаро ижарага олган омборхоналарда 225 турдаги жами 14322 дона истеъмолга яроқсиз дори воситалари сотиш мақсадида сақлаб келинаётганлиги ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан фош этилган.

Ҳозирда ҳар учала ҳолатда олинган дори воситаларига нисбатан экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?