Туяқушнинг гердайиб туришига ишқибозман – Баҳодир Пардаев

12:44 08 Июль 2025 Жамият
197 0

Абдунаби АЛИҚУЛОВ/«Халқ сўзи». Мақтаняпти деманг-у сизнинг олдингизда ҳам яна бир санаб кўрай. Бир, икки, уч, тўрт, беш, ҳа 500 берибди, долларда. Бу икки марта «мастер-класс» ўтганим учун.

— Зўр-ку, қаерда?..

— Қозоғистонда, Сариоғоч деган жойида. Телефон қилишади, бораман. Туяқушларга қизиқадиган бир гуруҳ йигит-қизлар тўпланади, баъзилари туяқушнинг боласиниям кўтариб келади. Суҳбатлашамиз, маслаҳатлар бераман. Баъзан кун бўйи қолиб кетаман ўша ёқда.

Офарин!

— Бориш-келиш, транспорт харажати, овқатланиш дегандай... Булар кимнинг ҳисобидан?

— Ҳаммасини мезбон томон кўтаради. Қолаверса, мени интернет каналим орқали топган қозоқ оғаларимга фойдам тегяптики, бир йиллик шартнома тузишди — 50 минг долларлик. Бори шу жониворни парваришлашдаги муаммолару саволларга эринмасдан, атрофлича тушунтириш беришим керак. Баъзан шу жониворнинг савдосига ҳам аралашаман. Мана шунақа қилиб пулини тўлагач, тилингиз бийрон бўлиб кетади, ука.

— Нега туяқушга қизиқиб қолгансиз ўзи?

— Биринчидан, бу қушнинг гердайиб туриши, қадам ташлаши мени завқлантиради. Буни бир хобби десаям бўлади. Ва яна чўлнинг киндиги саналган — Оқолтин туманида 20 бош туяқуши, 200 бошдан ортиқ ғозу ўрдаги бор фермер сифатида ажралиб туришни истадим. Биласиз, чўлда зовур кўп, захкаш сув бўлса-да жониворларни кўпайтирса бўлади. Фақат озгина эътибор, қаров керак, холос. Туяқуш эса гўштию патидан тортиб тирноғигача пул. Масалан, 5 ёшга кирган тухум берадиган туяқуш 600 доллар, жўжаси юз доллар, тухумининг ҳар донаси 500 минг сўмдан. Патига шу йилдан харидор кўпайди. Никоҳ пайти келин-куёв имзо учун ушлаб турган патни кўрганмисиз, ана шу туяқушники, донасини 25 минг сўмдан пуллаяпмиз. Бу йил ички бозордан ташқари, Қозоғистонга 60 бош жўжа, 400 дона тухум, 20 бош она туяқушни экспорт қилдим. «Ўзи фермасида 20 бош туяқуши бўлса, қандай қилиб шунча жониворни четга сотди экан», дерсиз. Ахир биз кооперация асосида ишлаяпмиз, бугун одамларга жўжа ё наслли тухум сотсак, уни исталган пайт: бир ойми, бир йилми ўтгач қайтариб сотиб оламиз. Ана шу сабабли, экспорт ҳажми баланд. Қозоқ оғайнилар эса мени яхши билади. Алдамайман, шу боис «туяқушчи домла ўзимиздан», дейишадию мендан олади. Туяқушларнинг ёғидан косметик совун, бел-оёқ оғриғига даво бўладиган табиий малҳамлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйганмиз. Қисқача айтганда, туяқуш ақлини ишлатган одам учун мисоли очил дастурхон!

Чамалаб кўрсам, мана шу туяқуш фермамнинг ўзи юз бош қорамол боқиладиган қорамолчилик фермасию юз чоғли қўйнинг даромадидан баланд. Шу боис мазкур жониворлар сақланадиган жой туну кун видеокузатув остида. Ҳазиллашяпти деманг-у бу жониворларнинг юриш-туриши тушимгаям киради. Қиммат-да, яқинда бир оғайнимга вояга етган зотдор туяқушимни минг долларга бермадим. Иккиланди, биламан барибир олади.

— Туяқуш тижоратида ҳам маҳоратингиз ошибди-да.

— Шунча нарсани билганим, нафақат билганим, балки қўллаётганим, гапимни амалда бажараётганим сабабли қозоқ оғайнилар чақирди-да, ука. Қўлингдан иш келмаса, ким салом беради сизга, тўғрими? Яхшиси, вақт топсангиз, қишда ҳам келинг, туяқушнинг гўштидан тайёрланган қазини татиб кўрасиз. Бу қазининг таъмини ҳам, хосиятини ҳам кўпчилик билмайди.

...Оқолтинлик тадбиркор, «Занжирли шамшир» фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Пардаев билан унинг фаолиятига омад тилаган ҳолда «Насиб этса, қиш фаслида кўришгунча», дея хайрлашдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер