Туркияда чекланган Инстаграм, АҚШнинг Исроилни ҳимоя қилиши ва Русларга пистирма (+видео)

20:09 02 Август 2024 Дунё
536 0

АҚШ Исроилга янги ҳарбий мудофаасини жойлаштирмоқда

АҚШнинг Исроилга янги ҳарбий мудофаасини жойлаштириши юқори даражадаги ҳимояланиш бўлиши мумкин.

Вашингтондаги Миллий Мудофаа Университетидан Девид Дес Рочеснинг айтишича, АҚШ президенти Жо Байден Исроил хавфсизлигини кучайтириш учун мамлакат мудофаа қобилиятига эътибор қаратмоқда.

Оқ уй пайшанба куни кечқурун Байден Нетаняҳу телефон орқали гаплашган. Байден Исроилнинг таҳдидлардан, жумладан, баллистик ва ракеталар ҳамда учувчисиз самолётлардан ҳимояланишда ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳокама олиб борган.

Рочеснинг айтишича, АҚШ Исроилни қўллаш учун ўзининг ҳақиқий кучларини тақдим этганда одатдагидан кўра юқори шай ҳолатга келади. Жумладан, Теҳроннинг 13 апрель куни Исроилга берган зарбаси пайтида Эрон дронлари ва ракеталарини кузатиш, уларни йўқ қилиш учун Патриот аккумуляторларини етказиб бериш кирган.

Туркия Инстаграмни чеклади

Туркия Исмоил Ҳания ҳақидаги постларнинг цензураси ортидан Инстаграмни чеклади. Мамлакатнинг юқори даражадаги амалдори ҲАМАС билан боғлиқ контентларга чеклов қўяётгани учун платформага кириш тўхтатилганини маълум қилди.

Чоршанба куни Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фаҳреттин Алтун Инстаграмни ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши муносабати билан таъзия билдириш хабарларини блоклаганликда айблади.

«Биз глобал эксплуатация ва адолатсизлик тизимига хизмат қилишини қайта-қайта кўрсатган бу платформаларга қарши сўз эркинлигини ҳимоя қилишда давом этамиз. Биз ҳар доим фаластинлик биродарларимизнинг ёнида бўламиз», деган Алтун.

Исроилнинг сўнгги кунлардаги қотиллик ва бомбардимонлари

Охирги кунларда Эронда ҲАМАСнинг сиёсий раҳбари, Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони ўлдирилди. Ундан ташқари Ғазода нишонга олинган ҳужумда «Al Jazeera» журналистлари ҳалок бўлган. Яҳудий давлати кучлари энди ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Дейф ўлдирилганини маълум қилди. Ҳарбийларнинг айтишича, Дейф уч ҳафта олдин Ғазонинг жанубий Хон Юнис ҳудудида уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган. ҲАМАС бу хабарларни тасдиқлай олмаслигини, бу ҳаракат ҳарбий раҳбариятига тегишли масала эканини айтди.

Исроил урушнинг 300 кунини нишонлар экан, Ғазода ҳалок бўлганлар сони 40 минг кишига етди.

БМТ ҳисоботида айтилишича, фаластинлик маҳбуслар исроилликлар томонидан қийноқ ва ҳақоратларга учраган. Исроил кучлари 15 нафар фаластинлик асирни озод қилган. Кўпчилик ҳибсга олинганда зўравонлик ва қийноқлар ҳақида гапириб берган.

«Ҳизбуллоҳ» 48 соатлик танаффусдан сўнг Исроил шимолига қатор ракеталарни учирди. 60 га яқин снарядлар Ливандан Исроилнинг шимолий чегараси томон учирилгани маълум.

Исроилнинг «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими Ливан гуруҳи томонидан отилган кўплаб ракеталарни тутиб олган.

Исроил ҳарбийлари ўтган кун давомида Ғазо шаҳридаги бир қанча турар-жойни йўқ қилган. Бир қанча одамлар ўлдирилгани айтилмоқда.

Украина аскарлари рус ҳарбийларига пистирмалар уюштирмоқда

Украина армияси Харков вилоятининг шимоли-шарқидаги жангларда рус радио алоқа ускуналарини қўлга киритган бўлиши мумкин. Бу орқали улар рус аскарларига пистирмалар қўйиш, ёлғон ахборот узатиш билан шуғулланган, деб тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда «Newsweek» нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, Украинанинг 3-алоҳида ҳужум бригадаси тарқатган видеода украин аскарлари душман радиосини қўлга олиб, рус аскарларига пистирма қўйгани тасвирланган. Кадрларда Украина қўшинлари икки рус аскарини уларга қарата ўқ узмаслик учун радиодан фойдалангани кўрсатилган.

Пистирмадан ҳужумга ўтиш ҳолати муҳим жанг майдони бўлган шимоли-шарқий Харков вилояти яқинида содир бўлди. Россия май ойи бошида Харковга ҳужум уюштириб, бир қанча қишлоқларни эгаллаб олган эди. Ҳозирда Киев алоҳида гуруҳлар ёрдамида Москвага қарши ҳаракатларни кучайтирган. Бу эса Россиянинг бошқа йўналишда ҳужумга ўтишига сабаб бўлиши мумкин.

Президент Владимир Зеленский Россиянинг янги ҳужум нуқтаси шарқий Донеск вилоятидаги Покровск бўлишини айтмоқда. «Москва кучлари ҳозир Покровск ҳудудига шахсий таркиби, қуроллари ва ресурсларини жамламоқда», дейилади хабарда.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россиянинг Харков ҳужумида тез-тез пистирмаларга учраётгани ва йўқотишлари бундай фронт ўзгаришига сабаб бўлган. «Newsweek» ҳозирча бу даъволарни мустақил равишда тасдиқлай олмаганини ва Россия Мудофаа вазирлигидан изоҳ ололмаганини билдирди.

Аввалроқ Россия янги хавфли дронларини жангга чиқаргани ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?