Туркия компанияси Фарғонада тиббиёт соҳаси ривожи учун инвестиция киритади
Айни пайтда Фарғона тиббиёти жаҳон андозалари даражасида ривожланиб, бу борада АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатлар билан ҳамкорлик кўлами тобора ошиб боришига эришилаётир.
Ҳозирги кунда вилоятда тиббиёт йўналишида иккита олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, таълим жараёни дунёнинг энг илғор тажрибалари асосида олиб бориляпти. Таълим даргоҳларида Осиёнинг турли давлатларидан келган талабалар ўқиб, илмий-амалий лабораторияларда малака оширмоқда.
Бунинг самараси сифатида вилоятда йилдан-йилга тиббиёт туризми яхшиланиб, қўшни давлатлардан даволаниш мақсадида келаётганлар оқими кўпайиб бораётир. Бу эса, ўз навбатида, вилоятда ихтисослашган тиббий хизмат сифатини мунтазам равишда ошириб бориш ҳамда моддий-техник базасини янада яхшилашни тақозо этади.

Фарғона вилояти ҳокимлигида Туркиядан келган инвестор билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотда шу хусусда фикр юритилди. Учрашувда тиббиёт соҳасида фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш ва биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Европада таниқли бўлган “Kemal Diş Sağlık Ürünleri Üretimi Ltd. Şti.” компанияси узоқ йиллар мобайнида асосан тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш фаолияти билан шуғулланади. Ўзаро келишувга кўра, эндиликда Фарғона вилоятида мазкур компания томонидан янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда. Учрашувда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳа тақдимоти ўтказилди.
—Компания бино қурилишидан тортиб, халқаро андозалар бўйича жиҳозлаш, зарур ускуналар ва тиббиёт маҳсулотлари билан таъминлашгача бўлган барча жараённи тўлиқ қамраб олади,—дейди Сари Узгур.—Шунингдек, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлашда ҳам кўмаклашилади.

Шу билан бирга, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат маҳаллий эҳтиёжни таъминлайди, балки узоқ-яқин хориж давлатларига ҳам экспорт қилинади. Натижада бир неча босқичларда юзлаб янги иш ўринлари яратилиши мумкин.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу лойиҳа ғоятда муҳим ва истиқболли эканлигини таъкидлаб, айни жараёндаги ҳамкорлик масалалари бўйича бир қатор таклиф ва тавсияларини берди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг