Сертификати бор кўчатлар харажатининг ярми бюджетдан қопланади

17:11 23 Январь 2026 Сиёсат
537 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда чуқур ихтисослашган маҳаллада турмуш фаровонлиги анча юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар ҳам 2 карра камлиги қайд этилди.

Бугунги кунда 903 та «оғир» маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари бор. Агар ҳокимлар «еттилик» билан сув таъминотини яхшилаб, уруғ-кўчат етказиб, ихтисослашувни тизимли йўлга қўйса, у ердаги одамларни даромадида, турмуш шароитида кескин ўзгариш қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Масалан, Нишон туманидаги Оқолтин маҳалласига насосда сув чиқарилгани учун 25 йил томорқасига экин экмаган 280 та хонадон 50-60 миллион сўм даромад олишни бошлади. Буни уддалаган маҳалла аҳолиси бугун ички йўллар ҳолатини яхшилашни сўраяпти. Давлатимиз раҳбари эртагаёқ бунга 1,5 миллиард сўм ажратишни топширди.

«Марҳамат, яна қайси маҳалла раиси ўзи бош бўлиб, аҳоли кўникмасига қараб, ҳудудни ихтисослаштирса, хонадонларнинг даромадини 3-4 карра оширса, йўл, сув, суғориш тармоғини яхшилаш учун яна 2 миллиард сўмдан ажратишга тайёрман.

Бу давлат ва маҳалла ўртасида янги, ўзига хос «ижтимоий шартнома» тизими бўлади», деди Президентимиз.

Қўшимча қилинишича, маҳаллада ихтисослашувни рағбатлантирадиган қўшимча молиявий механизмлар ҳам йўлга қўйилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига:

• сертификати бор кўчатларни сотиб олиш харажатининг ярми бюджетдан қоплаб берилади;

• меванинг турига қараб, «шпалер»лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади;

• томорқасига томчилаб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.

Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида қилса, яна 75 миллион сўмдан мукофот олади.

Жорий йил 2 минг гектар ўрмон ери 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор қилиш учун 10 йилга бепул берилади. Бунда пилла кооперативини тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, уйида пилла етиштириш истагидаги эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна олиш учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер