“Турк дунёси шоирлари учрашуви” тадбирдан кўзланган мақсад нималардан иборат?
Миллатлараро дўстона муносабатларнинг мустаҳкамланишида адабиётнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Яхши асарлар мутолааси орқали дунёни таниш, бирон бир давлатнинг тарихи, бугуни ва миллий қадриятларини билиб олиш мумкин. Айни кунларда Хоразмда бўлиб ўтаётган “Турк дунёси шоирлари учрашуви” номли тадбир ҳам ана шу эзгу-ниятларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Тадбир иштирокчилари билан боғланиб уларнинг адабий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳамкорлик борасидаги фикрларини ёзиб олдик.

Кенан ЧАРБОҒА, шоир ва таржимон (Туркия):
— “Турк дунёси шоирлари учрашуви”. Бу тадбир бежиз бундай номланмаган. Турк дунёси нафақат кўплаб шоир ва ёзувчиларни, балки мутафаккир, аллома ва олимларни дунёга берган қадимий ўлка ҳисобланади. Ўтмишнинг гувоҳлик беришича, турк дунёси мамлакатлари ҳамиша бир-бири билан яқиндан алоқалар ўрнатган, оғир кунларда елкадош бўлган. Аминманки, ҳар доим шундай бўлиб қолади.
Шунингдек, адабий ҳамкорлигимиз ҳам бир-биридан тасъирланиб, куч олиб ривожланган. Миллатнинг миллийлиги ҳақида билмоқчи бўлсанг, у қурган биноларга, у ёзган асарларга, у ижро қилган ашулаларга, у яратган нарсаларга боқ, деган гап бор. Ўзбекистон, айниқса, Хоразмда шу нарсага гувоҳ бўлдим. Ичон қалъани айланар эканмиз ўзимни ҳудди мозийга, 3-4 аср орқага қайтгандай ҳис қилдим. Бундай ҳисни ҳар ерда ҳам сезавермайди киши. Сўз одамлари учун бу аҳамиятлидир.
Бу тадбир тобора адабиёт байрамига айланиб бормоқда. Истардимки, бу каби учрашувлар кўп-кўп ўтказилса, халқларимиз учун ҳам, шоир-ёзувчиларимиз учун ҳам яхши фойда келтиради.

Лейла Шариф ЭМИН, шоир (Шимолий Македония):
— Мен Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрмоқдаман. Аммо бу ерга ҳудди аввалам келгандайман, ҳамма нарса таниш, ҳамма жой қадрдондай. Қардошларимиз билан ҳам юз йиллик танишдай кўришдик. Адабиёт кўприги қанчалик мустаҳкам бўлса, давлатларимиз бир-бирини шунчалик яхши тушунади, урф-у одат, қадриятлари, келажаги ва ҳамда бугуни ҳақида тасаввурга эга бўлади.
Хоразмда бўлиб ўтаётган бу тадбирлар ҳам шундай савобли ишга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Огаҳий уй музейига йўл олар эканмиз, ҳаяжонлана бошладим. Чунки, Огаҳий ғазалларини севиб мутолаа қиламан ҳар доим. Боришим билан севинчдан кўзларимга ёш келди, бу ўша мен расмларда кўрган, китобларда ўқиган жой, тасвирланганидан ҳам салобатли экан Огаҳий бобо эккан тут. Бу жой ҳақида очерк ёки шеърий достон ёзишни дилимга туйдим. Ташкилотчиларга миннатдорлик изҳор этаман.

Ризқул ИЗЗАТОВА, шоира (Қирғизистон):
— Самарқандда, Тошкентда бир неча марта меҳмон бўлганман. Хива эса мен ўйлагандан кўра анча бошқачароқ шаҳар экан, Ичан қалъадаги гумбазлар, миноралар, деворларга усталик билан ишланган нақшлар, ҳаммаси олис ўтмишдан бизга қандайдир кўринмас саломни йўллаб тургандек... Эҳтимол, бу меҳр саломидир, муҳаббат саломидир, келажак фарзандларига, бизга ишонч саломидир.
Хивада ҳар қадамда шеър, ҳар қадамда сўз бор экан. Уни фақат олиб, қоғозга солсангиз бас, ўзи рақс тушади қоғоз узра. Ўзбекистон мени ҳар доим шундай ҳайратга солган, биласизми, агар бу ҳайратларни китобга жамласам, ижодим мобайнидаги энг яхши асарлардан бири бўларди. Бизга бундай ҳис-туйғуни, ҳайратни бергани учун ташкилотчиларга, қони қонимиз билан бир ўлканинг одамларига раҳмат.
Тадбир жуда яхши бўлиб ўтмоқда, гарчи ҳар биримиз ҳар хил давлатлардан келган бўлсак ҳам бир-бировни яхши тушуняпмиз. Аслида, турли миллатга мансуб ижодкорлар бир ерга жамланса уларга таржимоннинг ҳам, сўзлашгичнинг ҳам кераги йўқ.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, (“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг