Тулпор минган Парвина
Сижжак – пойтахтдан ўнлаб чақирим узоқликда, денгиз сатҳидан юзлаб метр баландликда жойлашган тоғли қишлоқ. Бўстонлиқ туманидаги бу хушманзара ва баҳаво маҳаллада ҳам ижтимоий ҳимоя бўйича давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда. Ҳар бир хонадонга беминнат ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.
Кумуш қиш ўз зийнати билан атрофни қорга буркаб турган шу кунларда йўллар қалин қор билан қопланиб, қатнов мураккаблашиши табиий. Айниқса, Сижжакда бундай об-ҳаво шароити шаҳардагидан бир неча баравар фарқ қилади. Шунга қарамай, ижтимоий кўмак қишлоқ бўйлаб узлуксиз давом этмоқда. Мазкур маҳаллада яшовчи Хайрулло Пирметовнинг оиласида уч фарзанд бор. Тақдир экан, болаларнинг кенжаси Умиджон Иззатуллаев туғма ногиронлик билан дунёга келган. Соғлиғининг заифлиги ва бошқа сабаблар туфайли Умиджон мактабнинг 1-синфига бир йил кеч борган.
Х.Пирметов фарзандининг таълим олишини таъминлаш учун Сижжак маҳалласидаги ижтимоий ходим томонидан болага психологик ёрдам кўрсатилиб, 125-мактабдан ўқитувчи жалб қилинди. Шунингдек, боланинг онаси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уй шароитида ҳаракатланиши учун таянч мослама, ташқарида юриши учун эса электрон арава етказилди.
– Бизнинг вазифамиз фақат ҳужжат расмийлаштириш, ёрдам етказиш билангина чекланиб қолмайди, – дейди Сижжак маҳалласида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим Парвина Ашурметова. – Хизмат мажбуриятимизда инсонни тинглаш, унинг дардини тушуниш ва ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳам бор. Баъзан биргина эътибор, бир оғиз ширин сўз ҳам одамларни ҳаётга қайтаради, сўниб бораётган умид шамларини алангалатади. Ҳаётга қайтган маҳалладошларимни кўрсам, ўз касбимдан фахрланаман.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳилола Турғунбоеванинг оиласи ҳам ижтимоий ходим томонидан ўрганилган. Ҳилола опа II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган ва унга психологик ёрдам ва ҳуқуқий хизмат кўрсатилган. Опа билан бирга 80 ёшдан ошган ота-онаси истиқомат қилгани боис, уларга қараб туриш учун тегишли далолатнома расмийлаштирилди. Шунингдек, Ҳилола опа фаол ҳаётга жалб этилиб, адаптив спорт билан шуғулланиши йўлга қўйилди. Ижтимоий лойиҳа доирасида Ҳ. Турғунбоевага тикувчилик билан шуғулланиш ва шогирд тайёрлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди ҳамда тирсакли қўлтиқ таёқ етказилди. Қўли гул чевар ҳозирги кунда сижжаклик қиз-жувонлардан шогирдлар тайёрламоқда, ҳолати эса ижтимоий ходим томонидан доимий назоратда.
Сижжак маҳалласида яшовчи Жўрабой Абдуллаевда эса I гуруҳ ногиронлиги бўлгани учун доимий парваришга муҳтож. Унинг учун ҳамшира бириктирилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Жўрабой ака адаптив спорт, хусусан, шашка билан шуғулланишга жалб қилинди. Келини томонидан парвариш қилиниши бўйича далолатнома тузилиб, сайр қилиши учун махсус арава етказилди.
Мовий тоғлар бағридаги Сижжак маҳалласида ижтимоий хизматларни етказиш осон эмас, албатта. Шунга қарамай, Парвина Ашурметова қишнинг қорли-қировли кунларида ҳам от миниб, чекка хонадонларга бориб, эҳтиёжманд фуқароларга зарур ижтимоий хизматларни етказмоқда. Маҳалладошлари тулпор минган Парвина Ашурметовани учратиб қолса, унинг бўйнида эл-юрти учун ҳар қандай шароитда ҳам фидойилик кўрсатган Тўмариснинг тумори қиш қуёшида ялтираб турганини кўргандек бўлади.
Отабек ИСРОИЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг