Трампнинг таҳдидига қарамай ЖАР Исроилга қарши Халқаро судга қўйган даъвосини қайтариб олмайди

13:48 12 Февраль 2025 Дунё
219 0

Фото: Reuters

Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатга ёрдамни, жумладан, Ғазо секторидаги вазият бўйича позициясини тўхтатиш тўғрисидаги буйруғига қарамай, Халқаро судга қўйилган Исроилга қарши даъвосини қайтариб олмайди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Рональд Ламола маълум қилди.

Шу йилнинг январь ойида Жанубий Африка Республикаси президенти Кирил Рамафоса ҳукуматга жамият манфаатларини кўзлаб экспроприация қилишга қарор қилган ер учун маълум шароитларда “ноль компенсация” таклиф қилиш имконини берувчи қонун лойиҳасини имзолаганди. Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп Жанубий Африка Республикаси ерларни «мусодара қилаётгани» ва «айрим тоифадаги одамларга ўта ёмон муносабатда бўлаётгани» ҳақида билдириб, кейинроқ ушбу мамлакатга ёрдамни тўхтатиб туриш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Оқ уй сайтида эълон қилинган фармонга кўра, Трамп шунингдек, Жанубий Африка Республикасининг АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нисбатан «тажовузкор позицияси» ҳақида, хусусан, мамлакатнинг Исроилга қарши айбловлари, шунингдек, Эрон билан, жумладан, ядровий соҳадаги алоқаларини ривожлантириш ҳақида маълум қилган.

«Ҳеч қандай имконият йўқ... Принципларимиз учун туриш баъзан оқибатларга олиб келади, лекин биз бу тинчлик ва қонун устуворлиги учун муҳим эканлигига ишончимизда қатъий қоламиз», — дейди Рональд Ламола «Financial Times» газетасига берган интервьюсида. Дипломатнинг қўшимча қилишича, Жанубий Африка Республикаси Трампнинг таҳдидларига қарамай, ўз даъвосидан қайтмайди.

Шу ўринда Ламола АҚШ президентининг Жанубий Африка Республикаси ҳақидаги, жумладан, республиканинг Эрон билан алоқалари ҳақидаги баёнотларини «дезинформация» деб атади.

«Эрон билан яхши муносабатларга эга бўлсак-да, улар билан ядровий дастуримиз ҳам, савдо-сотиғимиз ҳам йўқ», дейди Жанубий Африка ташқи ишлар вазири.

Ламола, шунингдек, Жанубий Африка Республикаси АҚШ билан «шошилинч ҳамкорлик» излаётганини айтди.

2023 йил 29 декабрда Жанубий Африка Республикаси Ғазо секторидаги вазият юзасидан Геноцид конвенцияси бўйича Гаагадаги Халқаро судга Исроилга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, судни Исроил ҳукуматига қарши вақтинчалик чоралар кўришга чақирган эди. Жанубий Африка Республикаси Исроилнинг Ғазо секторидаги фаластинликларга қарши ҳаракатлари «Геноцид конвенцияси бўйича мажбуриятларни бузиш» эканлигини билдирди. Африка давлатининг баёнотига кўра, «Исроилнинг хатти-ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги ... табиатан геноциддир, чунки улар Ғазо секторидаги фаластинликларни кенгроқ Фаластин миллий, ирқий ва этник гуруҳининг бир қисми сифатида йўқ қилиш учун ... аниқ ният билан содир этилган».

Гаагадаги Халқаро суд 26 январь куни Жанубий Африканинг Ғазо секторида гумон қилинаётган геноцид туфайли Исроилга қарши вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги сўрови юзасидан вақтинчалик қарор чиқарди. Суд Исроилга Ғазо секторида геноциднинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни, фаластинликларга қарши геноцид чақириқларини жазолашни, ҳудуд аҳолисига гуманитар ёрдам оқимини таъминлашни ва Геноцид конвенциясида тасвирланган Фаластин халқига қарши ҳаракатлар даъволари билан боғлиқ далилларнинг сақланишини таъминлашни буюрди. Шу билан бирга, БМТ суди Исроилни Жанубий Африка Республикаси ўз даъвосида талаб қилганидек, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини тўхтатишга мажбурламади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?