Трампнинг хотини Путинга мактуб йўллади

13:38 17 Август 2025 Дунё
407 0

АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллади. Путин хатни 16 август куни Аляскада ўтган учрашувда шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп орқали қабул қилиб олган. «Fox News» ушбу хат матнини эълон қилди ва уни «тинчлик мактуби» деб атади.

Оқ уй ОАВнинг хат ҳақиқийлигига оид сўровига жавоб бермаган бўлса-да, Мелания Трамп «Fox News» мақоласига ҳавола қўйиб Х'да твит эълон қилиш орқали мактуб мазмунини ўзи тасдиқлагандай бўлди.

Мелания мурожаатида аниқ деталлардан қочган, ҳатто «Украина» сўзи ҳам тилга олинмаган, бироқ рамзий иборалардан моҳирона фойдаланган. Жумладан, мактубда асосий урғу болалар тақдирига қаратилган.

«Ҳар бир бола қалбида сокин орзуларни сақлайди, у йирик шаҳар марказида ёки оддий қишлоқда туғилган бўлишидан қатъи назар. Улар муҳаббатни, имкониятни ва хавфдан ҳимояни орзу қилади», деб ёзади АҚШ биринчи хоними.

Фото: «Fox News»

Шунингдек у Россия президентидан урушни тўхтатишни очиқдан-очиқ талаб қилмаган бўлсада, РФ қўшинлари 2022 йилда Украина ҳудудларига бостириб кириши оқибатида жабр кўрган болаларнинг «жарангдор кулгисини қайтариб бериш» мажбуриятига аниқ ишора қилган.

«Ота-оналар сифатида биз авлодлар умидини асраб-авайлашимиз керак. Раҳбарлар сифатида эса масъулият янада кенг — фарзандларимизнинг эртаси фақат тор доира эмас, балки бутун инсоният учун муҳим. Инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат шуки, ҳар бир инсон тонгни осойишта қарши олиши ва келажаги тўлиқ ҳимояда бўлиши учун, муносиб ҳаракат қилишимиз ва қадриятлар улуғланадиган дунёни барпо этишга интилишимиз лозим», дейилади мактубда.

Мелания Трамп сўзини шундай якунлаган: «Жаноб Путин, ишонаманки, бунга сиз ҳам қўшиласиз — ҳар бир авлод ҳаётни поклик ва беғуборлик билан бошлайди. Бу поклик эса география, сиёсат ва мафкурадан устун туради».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?