Трампнинг Ҳиндистонга нисбатан янги тариф қарори: савдо уруши янги босқичда
АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистонга қарши янги савдо чекловларини жорий қилди. Чоршанба куни Вашингтон Россия нефтини импорт қилгани учун Ню-Деҳлига қўшимча 25 фоизлик бож эълон қилди. Бу билан Ҳиндистон нефтига жами 50 фоизлик тариф қўлланиладиган бўлди.
Бу қарор мутахассисларнинг ҳайратига сабаб бўлди. Чунки Ҳиндистон АҚШ билан савдо музокараларини бошлаган илк давлатлардан бири бўлган ва Трамп ҳамда Моди оммавий чиқишларда бир-бирини «дўст» деб атаган эдилар.
Сўнгги ҳафталарда икки давлат ўртасида келишмовчилик белгиларини кўриш мумкин эди. Жумладан, ўтган ҳафта Трамп Ҳиндистонни Россия нефти ва қурол-яроғи сотиб олгани учун танқид қилди ҳамда ҳар икки давлатни «ўлик иқтисодлар» деб атади.
Унга кўра, музокаралар натижа бермаяпти ва бу ҳолат унинг маъмуриятини қониқтирмаяпти.
2024 йилда АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми тахминан 212 миллиард долларни ташкил этган. Савдо фарқи Ҳиндистон фойдасига 46 миллиард доллар атрофида бўлган. Моди кейинги беш йилда бу кўрсаткични 500 миллиард долларгача етказишни режалаштираётганини билдирган эди.
Reuters’га кўра, музокаралар доирасида Ҳиндистон АҚШ саноат маҳсулотларига божларни олиб ташлашни ва мудофаа ҳамда энергетика соҳаларида харидларни оширишни таклиф қилган. Автомобил саноати лоббисининг қаршилигига қарамай, автомобиль божларини ҳам камайтириш масаласи муҳокама қилинган.
Трамп аввалроқ Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги сўнгги можарода «сулҳга эришишда воситачи» бўлганини таъкидлаган. Аммо Ню-Деҳли буни рад этган ва Моди у даврда Трамп билан мулоқотда бўлмаганини маълум қилган.
Осиё жамияти сиёсат институтининг Жанубий Осиё ташаббуслари раҳбари Фарва Аамер фикрича, бу воқеалар Ҳиндистон учун ноқулай вазият яратмоқда.
«Ҳиндистоннинг анъанавий шериги Россия билан алоқаларни сақлаган ҳолда АҚШ билан ҳам стратегик ҳамкорликни давом эттира оладими? Бу — ташқи сиёсат учун жиддий синов», — деди Аамер.
Ҳиндистон ҳукумати АҚШнинг янги тарифини «адолатсиз ва асоссиз» деб атади. Улар Россия нефтини харид қилиш 1,4 миллиард аҳолиси бўлган мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш учун зарур эканини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, Аамернинг сўзларига кўра, Ҳиндистон ўзини заиф кўрсатмоқчи эмас:
«Моди халқаро саҳнада ўрнига эга ва мамлакат ташқи сиёсатини мустақил бошқариши лозим».
АҚШнинг бож сиёсати Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш салоҳияти кенгаяётган пайтга тўғри келди. Масалан, «Apple» келгуси йилдан бошлаб АҚШда сотиш учун мўлжалланган барча iPhone смартфонларини Ҳиндистонда йиғишини эълон қилган.
Ҳозирча электроника божлардан озод, аммо 50 фоизлик тарифлар мавжуд давлатлар бизнес учун хавфли сигнал ҳисобланади. Бу эса Трампнинг бошқа тарифлари каби ноаниқликни кучайтиради.
Ҳозирда Ҳиндистон Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва Хитой билан муносабатларни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Моди август ойи охирида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиши кутилмоқда. Бу унинг 2020 йилдаги чегара тўқнашувидан кейин Хитойга биринчи ташрифи бўлади.
АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар синовли паллага кирди. Ҳар иккала мамлакат бу жараёнда дипломатик ечим ва стратегик манфаатлар ўртасида мувозанатни топиши лозим бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг