Трамп ва Зеленский Флоридада учрашди: тинчлик келишуви 95 фоизга яқин, аммо ҳудуд масаласи очиқ қолмоқда

10:23 29 Декабрь 2025 Дунё
253 0

Флорида штатининг Палм-Бич шаҳрида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мар-а-Лаго қароргоҳида ташкил этилган музокараларда Россия–Украина урушига барҳам бериш бўйича эҳтимолий тинчлик келишуви муҳокама қилинди. Томонлар учрашувни ижобий баҳолади: Трамп уни “ажойиб”, Зеленский эса “жуда яхши” дея таърифлади.

Бу Зеленскийнинг жорий йилда Трамп билан учинчи учрашуви бўлди. АҚШ президенти келишув яқин эканини таъкидлаб, асосий масалалар бўйича тахминан 95 фоиз келишувга эришилганини, аммо музокаралар ҳали ҳам мураккаб эканини билдирди. Унга кўра, айрим “қалтиc” масалалар бутун жараённи тўхтатиб қўйиши мумкин.

Энг оғир масала сифатида Донбасс ҳудуди тилга олинди. Россия ушбу минтақани Украинадан талаб қилаётгани сабабли у ҳал этилмаган муаммо бўлиб қолмоқда. АҚШ томони Донбасснинг айрим қисмларида “эркин иқтисодий зона” ташкил этиш ғоясини таклиф қилган, аммо бу таклифнинг тафсилотлари очиқланмади.

Владимир Зеленский эса ҳудуд масаласи энг қийин эканини таъкидлади. У Украина ҳеч қачон ерлардан осонлик билан воз кечмаслигини билдирди. Зеленскийга кўра, бундай қарорлар фақат халқ иродаси орқали, жумладан, референдум йўли билан қабул қилиниши мумкин. Украина Конституциясига биноан, ҳудудий масалалар парламентнинг оддий овоз бериши билан ҳал этилмайди.

Шу билан бирга, Зеленский тинчлик режасининг бошқа йўналишларида сезиларли илгарилаш борлигини билдирди. Унинг айтишича, умумий режанинг 90 фоизи бўйича келишув мавжуд, айниқса хавфсизлик кафолатлари ва ҳарбий масалаларда Украина ва АҚШ позициялари тўлиқ мос келади. Томонлар 20 банддан иборат тинчлик режасининг барча жиҳатларини муҳокама қилган.

Учрашув доирасида Трамп ва Зеленский бир қатор Европа давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда Британия, Франция, Германия, Италия, Польша, Норвегия етакчилари, шунингдек НАТО Бош котиби ва Европа комиссияси президенти иштирок этди. Европа раҳбарлари урушни тугатиш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинганини ва музокараларда ижобий силжиш борлигини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер