Трамп даврида АҚШдаги ўта бойлар кам солиқ тўламоқда

18:04 27 Август 2025 Дунё
150 0

Фото: Reuters

0,0002 фоиз америкаликлар ёки АҚШнинг бир неча юзлаб энг бадавлат фуқаролари учун реал солиқ ставкаси 2017 йилда Дональд Трампнинг биринчи маъмурияти корпоратив солиқларни қисқартириш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан бери 30 фоиздан 22 фоизгача тушди. Ушбу қарор июль ойида Конгресс томонидан “Катта ажойиб қонун” доирасида узайтирилди.

Бу бойлик тенгсизлигини ўрганувчи Калифорния университетидан Эммануэль Саэз ва Габриел Зукман бошчилигидаги иқтисодчилар гуруҳи томонидан тайёрланган АҚШ Миллий иқтисодий тадқиқотлар бюроси ҳисоботидан келиб чиқади.

Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар 1982 йилда АҚШда энг бадавлат 0,0002% кишининг активлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилади. Ушбу улушдаги ўсишнинг тўртдан уч қисми 100 та ўта бой америкаликлар ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, АҚШ аҳолиси учун даромад солиғининг самарали ставкаси тахминан 30 фоизни, юқори маошли одамлар учун — тахминан 45 фоизни ташкил қилмоқда. Аммо 2017 йилда Трамп ташаббуси билан корпоратив солиқ ставкалари 35 фоиздан 21 фоизга туширилди. Бу америкалик миллиардерларнинг янада бойиб бориши учун катта аҳамиятга эга бўлди. Қўшма Штатлардаги 400 та энг йирик солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқлар 2017 йилдан 2024 йилгача уларнинг умумий активлари қийматининг 2,7 фоиздан 1,3 фоизгача камайди.

“Тадқиқот шуни кўрсатадики, корпоратив даромадларни йиғиш 40 фоизга камайди, инвестициялар 11 фоизга ўсди, аммо узоқ муддатли ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши йилига 1 фоиздан кам эди”, — дейди “Финам” инвестиция компанияси стратегия директори Ярослав Кабаков.

Унинг қўшимча қилишича, корпоратив солиқларнинг камайиши корпоратив инвестицияларнинг 20 фоизга ошишига ҳам ёрдам берди, бироқ ислоҳот самараси бюджет даромадларининг тўғридан-тўғри йўқотишларининг атиги 2 фоиз пунктини қоплади.

“Корпоратив солиқнинг камайиши инвестициялар ва бизнес ўсишини рағбатлантирди, аммо бу таъсир бюджет даромадларининг йўқолиши билан солиштирганда унчалик катта бўлмаган”, — дейди Кабаков.

АҚШ Конгрессининг Бюджет бюроси «Катта ажойиб қонун» бўйича имтиёзларни кенгайтиришда даромадларни тақсимлаш таҳлилида улар бойликнинг камбағаллардан бойларга қайта тақсимланишига олиб келишини аниқлади. Ижтимоий дастурлар, жумладан, тиббиётнинг қисқариши туфайли кам таъминланганлар ресурслардан маҳрум бўлади, бойлар эса уларга эга бўладилар. Конгресснинг Бюджет бюроси 2025-2034 йилларда “Катта ажойиб қонун” туфайли АҚШ бюджети тақчиллиги сезиларли даражада ошишини кутмоқда.

Кабаковнинг қайд этишича, Трамп ҳаракатлари фонида фискал юк ўрта синф ва оддий фуқаролар зиммасига ўтмоқда. Бу тенгсизликни кучайтирмоқда ва ўрта синфнинг қисқариш жараёнини тезлаштирмоқда.

“Ишбилармонлик фаоллиги ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида ўта бойлардан олинадиган солиқларни камайтириш ғояси амалда ўз тасдиғини топмаяпти. Иқтисодий ўсишга қўшаётган ҳисса заиф, бюджетдаги бўшлиқлар ижтимоий дастурлар ва кам таъминланган фуқароларга босим орқали тўлдирилмоқда”, — дейди иқтисодчи.

“Pew Research Center” тадқиқот маркази маълумотларига кўра, 1971 йилда АҚШ уй хўжаликларининг 61 фоизи ўрта синф деб ҳисобланган. 2023 йил келиб бу кўрсаткич 51 фоизга етган. АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотларига кўра, ўрта синфга йилига 100 000 доллар даромадли уй хўжаликлари киради. 2025 йилнинг март ойида CNBC йилига 66 565 доллардан 199 716 долларгача даромад олувчи ҳар бир хонадонни ўрта синф тоифасида кўрсатганди.

“YoyGov”нинг апрель ойида ўтказилган сўрови америкаликларнинг ўта бойлар учун солиқ имтиёзларига шубҳа билан қарашини кўрсатди: респондентларнинг 65 фоизи бойлар “жуда кам тўлашини” айтишди. Уларнинг 3 фоизи ўрта синф ҳақида худди шундай фикрда.

Демократик партия тарафдорлари орасида респондентларнинг 87 фоизи бойлар учун солиқлардан норозилигини билдирган, республикачилар орасида — 43 фоиз, мустақиллар орасида — 67 фоиз. Респондентларнинг 58 фоизи ўрта синф жуда кўп, 55 фоизи эса камбағаллар солиқларни ортиқча тўлаётганини билдирган.

Респондентларнинг 8 фоизи бойлар жуда кўп пул тўлайди, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, уларнинг 52 фоизи «10 йил олдингидан кўпроқ солиқ тўлаяпмиз», деб ҳисоблайди.

“Трампнинг солиқ сиёсатининг АҚШ иқтисодиётига таъсири ҳақидаги мунозаралар мафкуравий хусусиятга эга ва янги сайлов цикли олдидан, демократлар қасос олишга умид қилаётган 2026 йилги оралиқ Конгресс сайловлари олдидан кучайиб бормоқда”, — дейди Россия Фанлар академиясининг АҚШ ва Канада институтининг катта илмий ходими Павель Кошкин.

Экспертнинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш ва бюджет муаммолари ҳақидаги мунозаралар “товуқ ёки тухум” дилеммасини эслатади. Аммо иқтисодиётдаги муаммолар ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради ва жавобгарлик амалдаги президент зиммасига тушади. Трамп ҳозир 2022-2024 йиллардаги Жо Байден каби заифроқ ҳолатда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?