Трамп, Алиев ва Пашинян Вашингтонда учрашади

12:43 06 Август 2025 Дунё
111 0

Иллюстратив фото

Арманистон Вазирлар Маҳкамаси Вашингтонда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, АҚШ президенти Дональд Трамп ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида режалаштирилган учрашув ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Манбага кўра, Пашинян 7-8 август кунлари АҚШда бўлади.

Қайд этилишича, Арманистон бош вазири Вашингтонда Трамп билан Арманистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга бағишланган икки томонлама учрашув ўтказади. Бундан ташқари, у Трамп ва Алиев билан Жанубий Кавказда тинчлик, фаровонлик ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган уч томонлама учрашув ўтказади.

«Washington Post» газетасининг ёзишича, Алиев ва Пашинян Вашингтондаги музокаралардан сўнг Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик келишуви имзоланишини эълон қилишлари мумкин.

Шу йилнинг 19 июль куни Озарбайжон президенти Боку ва Ереван тинчлик шартномасини имзолашга яқин эканини айтганди.

«Тинчлик шартномаси икки масала ҳал қилинганидан сўнг дарҳол имзоланиши мумкин. Булар Арманистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Минск гуруҳини тарқатиб юбориш», — деган эди Алиев III Шуша глобал медиа форумида.

Шу йилнинг июнь ойида Алиев Арманистон «ҳарбий жиноятчи давлат» эканини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Ереван Озарбайжоннинг фуқаролик инфратузилмаси ва тинч аҳолисига қарши агрессив ҳаракатларни амалга оширган.

2025 йилнинг март ойида Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришди. 17 моддадан иборат ҳужжатда бир-бирининг чегаралари ва ҳудудий яхлитлиги ўзаро тан олиниши қайд этилган. Ушбу келишувлар асосида томонлар чегарани демаркация қилиш, дипломатик муносабатларни тиклаш жараёнини бошладилар, шунингдек, ушбу ҳудудларда учинчи давлат қуролли кучларини жойлаштирмаслик мажбуриятини олдилар.

Бундан ташқари, томонлар халқаро тузилмалар даъволарини қайтариб олишга ва келишув тузилгунга қадар юзага келган баҳсли масалаларни кўриб чиқишдан бош тортишга келишиб олган.

Ўз навбатида, Трамп ҳам Боку ва Ереван тинчлик битимини тузишга яқин эканини айтди.

«Арманистон, Озарбайжон, биз у ерда мўъжиза яратдик ва у (тинчлик шартномаси – таҳр.) аллақачон мақсадга яқин», — деди Оқ уй раҳбари.

Шу йилнинг 10 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар иштирокчилари мулоқотни давом эттириш, шунингдек, Ереван ва Боку ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш чораларини кўришга келишиб олдилар. Мулоқот икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишнинг энг самарали формати экани қайд этилди.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ани Бадалян БААдаги учрашувни муваффақиятли деб атади. У Пашинян ва Алиев ўртасидаги бу суҳбат тинчлик жараёнини янада амалга ошириш учун жиддий асос бўлиши мумкинлигига ишонч билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?