Тошлоқда микро ГЭСлар қурилади

13:51 23 Август 2024 Жамият
54 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Тошлоқ туманида тадбиркорликни замонавий мезонлар асосида ривожлантириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, кичик саноат зоналари ҳамда ҳар бир маҳаллада истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда туманнинг «Қанжирға», «Меҳнатобод» ва «Бесаранг»маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида туркиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда кичик қувватли сув электр станциялари (микро ГЭСлар) бунёд этилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 4 млн. доллар бўлиб, микро ГЭСлар ушбу маҳаллалардан оқиб ўтувчи сойларда ташкил этилиши ва шу орқали ҳудуд аҳолисини электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

Куни кеча Тошлоқ туманидаги янги лойиҳалар билан танишган Фарғона вилояти ҳокими туркиялик мутахассис билан суҳбатлашиб, бундай микро ГЭСларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам қуриш учун барча табиий қулайликлар етарли эканини таъкидлади. Шунингдек, мулоқот давомида умумий қиймати 4,8 млрд. сўм бўлган 1 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси барпо этиш лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

— Яқин истиқболда ҳар бир маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш кўзда тутилган, — дейди Тошлоқ туман ҳокими Абдуқаҳҳор Жўрабоев. — Эзгу ташаббуслар ижобати йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қулай инфратузилма яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбиркорлик субъектлари йилнинг тўрт фаслида ҳам узлуксиз равишда муқобил энергия манбалари билан таъминланиши маҳсулот сифатини яхшилаш, таннархини арзонлаштиришда имкон яратади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?