Тошкентдаги футболда жанжал уюштирганлар жазоланди

11:22 01 Июнь 2025 Жамият
212 0

Видеодан кадр

Аввалроқ Тошкент шаҳридаги «Жар» стадионида ўтаётган «LikeCup» турнирида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида оммавий жанжал келиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Мазкур тўполонни саҳналаштирган ва жараённи издан чиқиб кетишига сабабчи бўлганларнинг иши судда кўриб чиқилди ҳамда тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа бўйича Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат олиб борилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтган ҳамда унда қоидабузарларга нисбатан суд қарори қабул қилинган.

Жумладан, турнир ташкилотчиси бўлган актёр Алишер Узоқов, қизиқчи Абдураҳмон Мавлонов, блогерлар Миржалол Раҳмоналиев ҳамда Дилшодбек Ўрозбоев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 194-модданинг (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилган ва уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари (3 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Жанжални келтириб чиқарган Озодбек Ўрозбоев эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 194-модданинг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган ва 10 сутга маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қолаверса, Камолиддин Мамажонов ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ҳамда 194-модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 баробари (4 млн 500 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?