Тошкентдаги футбол мусобақасида оммавий жанжал юз берди

16:45 30 Май 2025 Жамият
209 0

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда футбол мусобақаси доирасида рақиб жамоалар ўзаро жанжаллашиб кетгани акс этган видеолар тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 май куни тахминан соат 21:00 ларда Шайхонтоҳур тумани «Жар» ўйингоҳида «LikeCup» лойиҳаси доирасида санъаткорлар ва блогерлар ўртасида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтган. Ўйин якунланганидан сўнг 21 ёшли О.Ў. ижтимоий тармоқларда обуначиларини кўпайтириш ва ушбу ўйинга оммани эътиборни янада кўпроқ жалб қилиш (пиар) мақсадида гўёки жамоалар ўртасида жанжал юз берганини саҳналаштиришган.

«Жамоат тартибини менсимаслик ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи бу каби хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган», дейилади ИИББ хабарида.

Шунга асосан ушбу ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан текширув ўтказилиб, турнир иштирокчилари билан профилактик суҳбат ўтказилган. Юқоридаги вазият жамоатчилик ўртасида кескин эътирозлар келтириб чиққани ва ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлгани учун «LikeCup» лойиҳаси вақтинча тўхтатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан лойиҳа ташкилотчилари, ушбу жанжални саҳналаштирганлар ва унда иштирок этган барчанинг шахси аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?