Тошкентда U-20 қизлар терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионати саралаши бошланди

10:23 07 Август 2025 Спорт
91 0

Келгуси йил Таиландда 20 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтади. Кеча қитъа бўйлаб турнирнинг саралаш баҳслари старт олди.

Хусусан, Тошкент вилоятида жойлашган «Дўстлик» стадионида мусобақанинг G гуруҳи 1-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Куннинг биринчи баҳсида Иордания ёшлар терма жамоаси Шимолий Мариана ороллари вакилларини 6:1 ҳисобида мағлуб этди.

Турнинг иккинчи учрашувида эса Владимир Панов бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси қизлари Баҳрайн термаси билан куч синашдилар. Ўйин вакилларимизнинг 8:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Таъкидлаш керакки, ўйин ўсмирларимизнинг тўлиқ устунлиги остида ўтди. Умумий зарбалар бўйича 42:0, аниқ зарбалар сони бўйича 22:0 ҳолати қайд этилди. Тўп назорати бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси қизлари 92 фоизлик устунликка эришдилар.

Голларга Эътибор Шодиева (2 та), Диёра Бахтиёрова, Дилнура Маматқулова, Рухшона Саидаббосова ва Шаҳноза Деканбоева муаллифлик қилди. Қолган 2 гол эса автогол сифатида баҳрайнлик ҳимоячилар Амина Ал-Доcари ва Зайнаб Ал-Сафар ҳисобига ёзилди.

Ушбу ўйиндан сўнг, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси бош мураббийи Владимир Панов ва футболчилар «Халқ сўзи» нашри учун интервью бердилар.

«Ўйин яхши ўтди. Қизларда кайфият ва тайёргарлик юқори даражада эди. Бошида озгина ҳаяжон бўлди. Аммо биринчи голдан кейин ҳаммаси жойига тушди. Ҳисоб йирик бўлишини олдиндан тахмин қилгандик. Бугун кўп футболчиларга имконият бериш учун ўзгаришларни вақтлироқ қилдик. Ҳаммаси яхши ўтди», — деб айтди Владимир Панов.

«Бугун жуда яхши ўйин бўлди. Ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Бугунги голларимда бутун жамоанинг ҳиссаси бор. Биз бир жамоа бўлиб ҳар бир голни киритдик. Голларимни дадамга бағишладим. Иккинчи бўлимда ҳам ўйнашни жуда хоҳлаган эдим. Аммо мураббийимиз бизни кейинги ўйинларга ҳам куч тежашимизни ўйлаган ҳолда алмаштирди», – деб айтди 2 та гол муаллифи Эътибор Шодиева.

«Бугун яхши ўйин бўлди. Ғалабадан хурсандмиз. Ҳисоб катта бўлиб кетишини тахмин қилгандик ва биз бунга ҳаракат қилдик. Боиси мусобақа якунида тўплар нисбати ҳам кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Шу боис иккинчи турда ҳам кўпроқ гол уришга ҳаракат қиламиз», — деди терма жамоа сардори Рухшона Олимжонова.

Маълумот учун, Ўзбекистон U-20 қизлар терма жамоаси саралашдаги кейинги ўйинини 8 август куни Шимолий Мариана ороллари термасига қарши ўтказади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?