Тошкентда “Ўзбекистон стратегияси” журналининг махсус сонини тақдимоти ўтказилди (+ Фоторепортаж)
Фото: Давронбек ЭРНАЗАРОВ/“Халқ сўзи”
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари Кенгашининг жорий йил 31 август — 1 сентябрь кунлари Тяньцзин шаҳрида (Хитой) бўлиб ўтадиган 25-йиғилиши олдидан пойтахтимизда Ўзбекистон — Хитой стратегик ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати ҳамда “Ўзбекистон стратегияси” журналининг махсус сони тақдимоти бўлиб ўтди.
У “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари вакиллари, таҳлил марказлари экспертлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуманда қайд этилганидек, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-сармоявий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 12,4 млрд. доллардан ошгани, жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялар 10 млрд. долларни ташкил этгани, иқтисодиётимизнинг энергетика, телекоммуникация, транспорт, кон-металлургия, тўқимачилик ва рақамли инфратузилма каби муҳим тармоқларида Хитой капитали иштирокидаги ташкил этилган 3 300 дан зиёд қўшма корхоналар самарали фаолият юритаётгани бунинг яққол далилидир.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик турли халқаро платформалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги доирасида тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, икки давлат ШҲТ ҳаммуассислари ва фаол аъзолари сифатида ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш учун аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ташкилотга раислик қилувчи мамлакат сифатида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлисларига тўрт маротаба мезбонлик қилган бўлса, унинг сўнгиси 2022 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур саммит якунлари бўйича рекорд даражада — жами 44 та ҳужжат, жумладан, қатор келишув ва дастурлар имзоланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий тамойил ва ёндашувларни ишлаб чиқиш, махсус иқтисодий зоналар альянсини ташкил этиш, ШҲТ давлатлари савдо ярмаркасини ўтказиш каби йўналишларда ўзаро мулоқот, тушуниш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим таклифлар илгари сурилди.
Элчи жаноблари таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли стратегик шерикликнинг бундан кейин ҳам изчил ривожланиб бориши, хусусан, ШҲТ доирасидаги сиёсий-дипломатик мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, маданий-гуманитар, илмий-техникавий алмашинувлар ва минтақавий ҳамда глобал хавфсизликни таъминлаш соҳаларидаги фаолият янада мустаҳкамланиши, шубҳасиз.
“Ўзбекистон стратегияси” журналининг махсус сони Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик, шунингдек, ШҲТ доирасидаги кўп қиррали алоқаларнинг муҳим йўналишларига бағишланган бўлиб, унда минтақавий ҳамкорликка оид туркум материаллар, экспертлар таҳлиллари ва амалий тажрибалар қамраб олинган. Шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари раҳбарияти ва тадқиқот муассасалари экспертлари томонидан тайёрланган таҳлилий шарҳларга ҳам кенг ўрин берилган. Шу маънода, мазкур нашр Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шериклик, ШҲТ доирасида ривожланиб бораётган алоқалар мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ тушунишга хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққан экспертлар ШҲТнинг муҳим тадбири арафасида “Ўзбекистон стратегияси” журналининг махсус сони чоп этилиши минтақадаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат эканини алоҳида таъкидлашди.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг