Тошкентда Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми ўтказилди
21 декабрь куни International Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон-Қозоғистон ҳудудлараро бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин ҳамда ҳудудларнинг масъуллари сўзга чиқди.
Жамшид Ходжаев мазкур форум ва унинг доирасида имзоланадиган қатор ҳужжатлар, ўтказиладиган учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишини алоҳида эътироф этди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш икки баравар кўпайиб, 5 миллиард долларга яқинлашганлигини ҳамда бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилаётганлигини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1200 корхона ва ташкилотлар фаолият юритмоқда. Шунингдек, айни пайтда умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шундай бўлсада, форумда қайд этилишича, ишга солинмаган захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш икки томон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, икки мамлакат ҳудудида Ўзбекистон ва Қозоғистон вилоятларининг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш, автомобилсозлик, электроника ва электротехника, энергетика, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин эса ўз нутқида Ўзбекистон улар учун Марказий Осиёдаги асосий, ишончли ва истиқболли ҳамкор эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, форум икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни жадал ривожлантиришда аҳамиятли бўлишини айтиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Раҳманов бугунги кунда пойтахтимизда қозоғистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда умумий қиймати 445 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 21 та лойиҳа амалга оширилаётганлигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, машинасозлик, энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, электротехника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари катта эканлигига эътибор қаратди.
Форум давомида вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакилларининг тақдимотлари ўтказилди. Тадбир давомида бўлиб отган «Б2Б» ва «Г2Б» музокаралари чоғида эса ўзаро ҳамкорликнинг молиявий-техник жиҳатлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Форум якунлари бўйича «Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида» Битим, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини мужассам этган алоҳида «Йўл харитаси», шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- «Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди», деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг!»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг