Тошкентда Ўзбекистон бўйича “Мамлакатлар платформаси” йиғилиши бўлиб ўтди
Фото: mift.uz
Тошкентда жорий йилнинг 30 сентябрь куни “Мамлакатлар платформаси”нинг Ўзбекистон бўйича йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков иштирок этди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.
“Мамлакатлар платформаси” – жаҳон банкининг халқаро молия институтлари, донорлар ва тараққиёт ҳамкорлари билан ёрдамни қабул қилувчи мамлакатлар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид дастур ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу ташаббусни синаб кўриш учун танланган 11 пилот давлатдан биридир.
Тадбирда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти А.Бьерде, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ш.Чен, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг инвестициявий амалиётлар бўйича вице-президенти К.Лимитовский, Ислом тараққиёт банки вице-президенти М.Мухтор, Халқаро молия корпорациясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори К.Колберт, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Ж.Харгитай, Европа инвестициявий банкининг Марказий Осиёда кредит амалиётлари бўйича бош маслаҳатчиси А.Бруун, шунингдек, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси, Европа инвестиция банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Франция тараққиёт агентлиги, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, БМТТД, “USAID”, “КfW” Банки, Корея Эксимбанки ва Қувайт Араб иқтисодий ривожланиш жамғармаси раҳбарияти иштирок этди.
С.Умурзаков тадбирни очиб берар экан, Ўзбекистон охирги 5 йил мобайнида эркин бозор иқтисодиётини яратиш ва жамиятни демократлаштиришга қаратилган кенг кўламли ва ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар ҳамда таркибий ўзгаришлар йўлидан бораётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда маслаҳат ва экспертлар ёрдами ҳамда ижтимоий-иқтисодий дастурларни молиялаштириш орқали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қўшма режани шакллантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Унинг доирасида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари ва иш кўлами белгиланади.
Шунингдек, Стратегик ривожланиш агентлиги билан биргаликда Ўзбекистонда ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган грант маблағларни жамлайдиган қўшма жамғарма ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари Стратегик ривожланиш агентлиги ҳамда Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигининг институционал ривожланиши ва салоҳиятини оширишда фаол иштирок этишга ҳамда ўз вазифаларини ҳал этишда техник ва маслаҳат ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Маълумот учун, “Мамлакатлар платформаси” ташаббуси 2019 йил октябрь ойида Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки Гуруҳи бошқарувчилари Кенгаши ҳамда Халқаро валюта жамғармаси Йиллик йиғилишлари доирасида жорий этилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг