Тошкентда нуфузли ислом анжумани ўз ишини бошлади

17:23 15 Октябр 2024 Жамият
355 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов, Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Бугун пойтахтимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция очилди. Ушбу нуфузли анжуман ишида дунёнинг Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этмоқда. Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев табрик йўллади. Уни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.  

Табрикда таъкидланганидек, янги Ўзбекистонда буюк аждодларимиз меросини мукаммал ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Бир қатор маърифий марказларнинг ташкил этилгани алломаларнинг асарларини ўрганиш ва тарғиб этиш имконини бермоқда. Конференция иши ҳам ислом динининг олижаноб ва эзгу ғояларини очиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Анжуман иштирокчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги 7 йил мобайнида диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ташкил қилинди. Бу маърифий муассасаларнинг барчаси нафақат диний, балки дунёвий илмларда улкан ютуқларни қўлга киритган буюк алломаларимизнинг меросини асраб-авайлаш, бугунги кун воқелиги нуқтаи назаридан чуқур тадқиқ этиш, ёйиш ва тарғиб қилиш, наинки мусулмон олами, балки бутун жаҳон жамоатчилигига танитишга хизмат қилади.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад шиддатли глобаллашув шароитида ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборатдир.

Фото: Сирожиддин Воҳидов, Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?