Тошкентда нашриёт иши ва муаллифлик ҳуқуқларига бағишланган халқаро семинар бошланди (+Фоторепортаж)

21:55 16 Июнь 2025 Жамият
235 0

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тошкент шаҳрида «Ноширлик иши ва муаллифлик ҳуқуқларини бошқаришда замонавий тенденсиялар» мавзусида халқаро семинар ўз ишини бошлади. Мазкур семинар илк бор Франкфурт халқаро китоб ярмаркаси ташкилотчилари билан ҳамкорликда ўтказилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Тадбир очилишида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров кириш сўзи билан қатнашди. У дастлаб семинар иштирокчилари, меҳмонлар ва ташкилотчиларни агентлик жамоаси ҳамда агентлик директори Асаджон Ходжаев номидан табриклади.

Маъруза давомида қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ноширлик, матбаачилик ва коммуникация технологиялари йўналишида ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда. Сўнгги беш йилда бу соҳа учун 44 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги янги қонун, Президент қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари ва 29 та давлат стандарти қабул қилинган. Нашриёт ва матбаа ускуналари божхона божидан, фойда ва ҚҚСдан озод қилинган. Бу имкониятлар соҳа тараққиётига туртки бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 168 та нашриёт фаолият юритган бўлса, 2025 йил 1 июнга келиб, уларнинг сони 601 тага етган. Яъни соҳа субъектлари сони 3,5 бараварга ортган. Матбаа корхоналари сони эса 2020 йилдаги 1 589 тадан 2025 йилга келиб 1 930 тага кўпайган. Бугунги кунда нашриётларнинг 90 фоизи – яъни 542 таси – хусусий субъектлардир. Бу эса соҳадаги эркин рақобат ва тадбиркорлик муҳити мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Нашриётлар сўнгги тўрт йилда ҳар йили ўртача 11,6 минг номдаги, жами 197,9 миллион нусхадаги адабиётларни чоп этган. Китоб маҳсулотларини аҳолига етказиш мақсадида бутун республика бўйлаб 712 та китоб дўкони фаолият кўрсатмоқда. Агентлик эса соҳага замонавий технологияларни жалб қилиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, кадрлар малакасини оширишга катта эътибор қаратмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон нашриётлари Германия, Италия, Туркия, БАА, Хитой, Россия, Эрон ва бошқа мамлакатларда ўтказилган 20 дан ортиқ халқаро китоб кўргазмаларида иштирок этиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. 2022 йилда Ўзбекистон Болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича ИББЙ халқаро кенгашига аъзо бўлган. Агентликда унинг миллий бўлими ҳам ташкил этилган бўлиб, бу йўналишда болалар учун янги контентлар яратиш ва ўзбек адибларининг асарларини хорижда тарғиб қилиш устувор вазифалар сирасига киради.

Семинар давомида муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, литсензиялар билан ишлаш, сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари, Франкфурт ярмаркаси дастури, аудиокитоблар бозори каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Шунингдек, литсензия нархларини белгилаш, халқаро китоб кўргазмаларида иштирок этиш тажрибалари, сунъий интеллектнинг китоб бозори учун имконият ва муаммолари юзасидан етакчи экспертларнинг маърузалари тингланади.

Тадбир якунида Ғайрат Бозоров Германиядан ташриф буюрган мутахассисларга, хусусан Франкфурт халқаро китоб ярмаркаси президенти ва бош директори Юрген Босс жанобларига, шунингдек, семинарнинг ташкил этилишида ҳамкорлик қилган ташкилотларга ўз миннатдорлигини билдирди. У мазкур семинар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим майдон бўлишига ишонч билдирди.

Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер