Тошкентда Халқаро Ер куни нишонланди
Фото: "Халқ сўзи"
Пойтахтимизда Халқаро Ер кунига бағишланган «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг интенсив ва инновацион ечимлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Халқаро Ер куни БМТ Бош Ассамблеясининг 63-сессиясида тасдиқланган ва ҳар йили 22 апрель куни дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида нишонланади. Ушбу тадбир ҳозирги ва келажак авлодларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанатга эришиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиат билан уйғунлик муҳимлигини таъкидлайди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши сабабли янада кучайиб бораётган ер деградациясига қарши курашишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилда «Ер деградациясига қарши самарали кураш тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур ҳужжатда ер деградациясига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудларда чўлланиш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, биохилма-хилликни сақлаш, инновациялардан кенг фойдаланган ҳолда барқарор ривожланишига эришиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
ФАО Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Глобал экологик жамғарма (GEF) томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» («FOLUR») ва «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳалари шулар жумласидандир.
«FOLUR лойиҳаси Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясига мос бўлиб, унда асосий эътибор агро-озиқ-овқат тармоғини модернизация қилиш, ер деградациясини камайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳамда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга қаратилган. Лойиҳа, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, шу билан бирга, аҳолининг хавфсиз овқатланиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган», — дейди лойиҳа координатори Азиз Нурбеков.
Халқаро ер куни муносабати билан «FOLUR» лойиҳаси доирасида ФАО ва Қурғоқчил минтақаларда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) ўртасида буғдой етиштиришда ер деградациясининг нейтрал мувозанати ва иқлим учун хавфсиз агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича келишув имзоланди.
Конференция доирасида, шунингдек, ФАО/ГEФнинг Ўзбекистонда ер деградациясининг нейтрал мувозанатига эришишга қаратилган «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида ўрмонлар ва яйловларни барқарор бошқариш» лойиҳасининг техник ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг