Тошкентда илк бор экологик технологиялар кўргазмаси бўлиб ўтади

Шу йилнинг 19 — 21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти яшил инновациялар марказига айланади.
Гап шундаки, Тошкент шаҳридаги Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида илк бор "Eco Expo Central Asia — 2025" экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
Бу шунчаки кўргазма эмас, балки барқарор келажак йўлида глобал экологик ҳамжамият, саноат, давлат ва хусусий тузилмаларни бирлаштирадиган ҳаракатдир.
Кўргазма илғор экологик технологиялар, амалиёт ва ечимлар алмашиш учун минтақадаги биринчи ихтисослаштирилган платформадир. Бу ерда экологиядаги сунъий интеллектдан тортиб сувни тежаш ечимларигача, яшил энергиядан экотуризмгача бўлган инновациялар намойиш этилади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу тадбирда Туркия, Хитой, БАА, Япония, Корея Республикаси, Саудия Арабистони, Германия ва бошқа 25 дан ортиқ давлатдан экспонентлар иштирок этиши кутилмоқда.
Кўргазма иштирокчилари учун” Eco Expo” нафақат ўзларининг яшил ташаббусларини намойиш этиш, балки янги бозорларга чиқиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, экологик инновациялардан илҳом олиш ва глобал экологик тенденциянинг бир қисмига айланиш имкониятидир. Бу ерда бизнес учрашувлари, тақдимотлар, экспертлар панеллари, шунингдек, стартаплар ва экологик лойиҳалар тақдимотлари бўлиб ўтади.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг яшил ташаббуслар илгари сурилаётган ҳудудлари, барқарор амалиётни фаол жорий этаётган вазирлик ва идоралар, экологик фикрлашни ўргатувчи саноат таълим муассасалари, экомаршрутларни таклиф этувчи туристик жойлар ва бошқалар намойиш этилади.
Асосий кўргазмадан ташқари меҳмонларни экспертлар ва соҳа етакчиларининг тақдимотлари, мамлакатнинг табиий меросига бағишланган видеотанлов ва фотокўргазма, Ўзбекистон экологияси ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши, табиат ва инсон уйғунлигини акс эттирувчи бадиий кўргазмалар кутмоқда.
"Eco Expo Central Asia — 2025" — Марказий Осиёдаги энг муҳим экологик тадбирнинг бир қисмига айланиш учун ноёб имкониятдир. Уч кун давомида кўргазма минтақанинг экологик кун тартибини ўзгартиришга, барқарор ва экологик тоза технологиялар соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очишга имкон берадиган платформага айланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг