Тошкентда 2,5 кг гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи бўлганлар ушланди

18:47 20 Январь 2026 Жамият
324 0

Фото: Божхона қўмитаси

Қирғизистондан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб ўтилган гиёҳвандлик воситасини Тошкентда сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қўмитанинг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласини олдини олиш ва фош этиш юзасидан Тошкент шаҳрида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.

Тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган 2 нафар фуқаро Янгиҳаёт туманидаги хонадондан чиқиб кетаётган вақтда тўхтатилиб, шахсий тинтувдан ўтказилганида, улардан бирининг ёнидан 13,2 минг доллар ва 19,9 миллион сўм нақд пуллар топилган. Иккинчи фуқаронинг яшаш хонадонида эса 2,5 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, уй яқинида ушбу фуқароларни кутиб турган яна бир фуқаро ҳам қўлга олиниб, шахсий тинтувдан ўтказилганида, унинг чўнтагидан 0,1 грамм «гашиш» гиёҳвандлик моддаси топилган ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу моддаларни Андижон вилоятида яшовчи шахс ўзининг Қирғизистондаги жиноий шериклари ёрдамида республикамиз ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент шаҳригача олиб келган. Кейин эса гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи бошқа шеригига 13,2 минг доллари ва 19,9 миллион сўм нақд пул эвазига сотмоқчи бўлган.

Билдирилишича, ҳозирда Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан ушбу фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер