Тошкент вилоятидаги археологик ёдгорликка салкам 14 млрд сўмлик зарар етказилди

11:29 21 Ноябрь 2023 Маданият
144 0

Тошкент вилоятидаги “Қанқа шаҳристони” археология ёдгорлиги ҳудуди ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олингани, хусусан, уй-жойлар қурилиши, боғ ва экин экиш майдонлари ташкил этилгани аниқланди.

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги Миллий археология маркази, Маданий мерос агентлиги ва Кадастр агентлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, бунинг оқибатида археология ёдгорлигига жиддий зарар етказилганини маълум қилди.

Ёдгорликнинг кадастр ҳужжатига кўра, унинг умумий ер майдони 104,99 гектарни ташкил этади. Ҳозирда унинг 0,50 гектарига фуқаро А.Б., 0,79 гектарига фуқаро Т.Б. қишлоқ хўжалик экинлари (маккажўхори) экиб, ўзбошимчалик билан ушбу ер майдонидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг бир қатор талабларига зид равишда Оққўрғон туман ҳокимининг 2016-йил 8-июндаги қарори билан фуқаро A.P.ga турар жой бино-иншоотлари ва улар билан банд бўлган ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ёдгорлик ҳудудидан 0,56 гектар ер майдони ажратилган.

Ушбу майдоннинг 140,4 квадрат метр қисмига 3 та яшаш уйи, 2 та кириш хонаси, қурилиши тугалланмаган бино ва бостирма қурилган ҳамда бир қисмига боғ ташкил қилинган.

Ўрганиш жараёнида вилоят Маданий мерос бошқармаси ходимлари томонидан А.Б, Т.Б. ва A.P.ga моддий маданий мерос кўчмас мулк обектига етказган моддий зарар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обектига:

А.П. томонидан 10 миллиард 367 миллион 448,3 минг сўм,
А.Б. томонидан 2 миллиард 423 миллион 520 минг сўм,
Т.Б. томонидан 1 миллиард 093 млн 950 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Агентлик тақдим этган ўрганиш ҳужжатларига кўра, вилоят прокуратураси томонидан айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 132-моддаси (моддий маданий мерос обектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, “Қанқа шаҳристони” моддий маданий мерос обекти сифатида рўйхатга олинган. Обект даври милоддан аввалги III аср — милоднинг ХII асрига тааллуқли бўлиб, у давлат мулки сифатида Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер