Тошкент вилоятида яқин йилларда ўнлаб “яшил энергия” манбалари яратилади
Фото: "Халқ сўзи"
Давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора–тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорида қайта тикланадиган энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, хорижий илғор тажрибалар асосида янги, экологик тоза “яшил энергия” манбаини яратиш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилган.
Моҳиятан мамлакатимизда энергетика соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли ва корхоналарни муттасил электр манбаи билан таъминлаш тизимини ривожлантириш мақсадларига қаратилган ушбу тарихий ҳужжатга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсида “Қуйичотқол” ГЭСи, Пском дарёсида “Пском ва “Муаллақ” ГЭСи, Угом дарёсида “Иргайликсой” ГЭСи, Кўксув дарёсида “Қуйикўксув” ГЭСининг1-навбатини қуриш, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Туябўғиз” сув омборида кичик ГЭС барпо этиш ва бир қатор мавжуд иншоотларни модернизация қилиш чора-тадбирлари кўзда тутилган.
Хусусан, Чирчиқ шаҳрининг Чирчиқ-Бўзсув трактида жойлашган “Камолот”ГЭСи Иқтисодиёт, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари томонидан ишлаб чиқилган Дастурга кўра бунёд этилган бўлиб, “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” бош пудратчи бўлган ушбу лойиҳани “Гидропроект” ҳиссадорлик жамияти амалга оширди.
- Лойиҳанинг умумий қиймати 213,389 млрд. сўмни ташкил этади,-дейди “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси директори Абдурасул Шодмонов. — 2017 йил ноябрь ойида бошланган қурилиш-монтаж ишлари муваффақиятли якунланди. Хитойнинг “Dongfang Electric International Corporation” ҳамда Германиянинг “Andritz AG” компаниялари замонавий технологиялари ўрнатилган ушбу иншоот умумий қуввати 8,16 МВт(4 та агрегат 2,04 МВтдан) бўлиб, йиллик электр энергия ишлаб чиқариш 35,4 млн. кВт соатни ташкил этади. Фан-техниканинг сўнги ютуқларидан унумли фойдаланилган “Камолот” ГЭСида Марказий Осиё давлатларида ягона бўлган “капсула” усулида ўрнатилган гидроагрегатлар ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳозирча тажриба тариқасида қўлланилмоқда. Барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилган. Оддий тизимдан тортиб йирик агрегатларгача компьютер ёрдамида онлайн усулда бошқарилади. Марказий бошқарув пульти бу ердан тахминан 1,5 километр узоқликда жойлашган.
Шу ўринда айтиш керакки, “капсула” усулида турбина горизонтал, генераторлар эса вертикал ҳолатда ўрнатилади. Оқибатда дарё ўзанидаги сувнинг босими жуда паст бўлса ҳам, юқори кучланишдаги электр энегияси ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. Мутахассисларнинг тан олишича, айни лойиҳага мувофиқ оқиб турган дарё ўзани устига турбина ва генераторларни ўрнатиш у қадар осон кечмади. Ушбу лойиҳа муҳандис-техник ходимлар, энергетик ва қурувчилардан жуда катта билим ва тажрибани талаб қилди. Ўзи аслида “Камолот” ГЭСи лойиҳаси ўтган асрнинг 40-йилларида илгари сурилган эди. Бироқ узоқ йиллар давомида бунга эътибор қаратилмаган. Ватанимиз мустақилликка эришгач, айниқса, иқтисодиётимизда сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида аҳолига эмин-эркин электр қуввати етказиб бериш имконияти сезиларли даражада кенгайди. “Камолот” ГЭСи мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйига муносиб совға сифатида топширилгани эса бунинг яққол исботидир. Умуман олганда, соҳада амалга оширилаётган модернизация ишлари самарасини “Чирчиқ ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги “Оқ-қовоқ”( ГЭС-1), шунингдек, “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги “ГЭС-3” жамоалари эришаётган ютуқларда ҳам кўриш мумкин.
—1933 йилда қурилган, умумий қуввати 13,2 МВтдан иборат бўлган иншоотимиз маънавий жиҳатдан эскириб бўлган эди, - дейди “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги “ГЭС-3” раҳбари Дилмурод Мираҳмедов. — Унинг ўрнида янги иншоотни хитойлик ҳамкорлар билан қуриб битказдик. Натижада умумий қуввати 15,34 МВт га тенг ГЭСнинг йиллик ўртача электр қуввати ишлаб чиқариш кўрсаткичи 124 млн. кВт соатга етди. Бу 40-45 минг нафар аҳоли хонадонини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, деганидир. Барча жараён тўлиқ компьютерлаштирилган. Соҳага энг илғор технологияларнинг жорий этилиши электр қуввати ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, қурилаётган ва модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудларда янги иш ўринларини яратишда қўл келмоқда.
Дарҳақиқат, юқоридаги қарор ижроси доирасида “Ўзбекгидроэнерго” ҳиссадорлик жамияти раҳбарияти ва мутахассислари томонидан Тошкент вилоятида жойлашган гидроэлектр иншоотларини илғор технологиялар асосида қайта қуриш ва модернизациялаш жараёнлари жадал давом эттирилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, яқин йилларда вилоят ҳудудларида ўнлаб янги “яшил энергия” манбалари юзага келади. Бу эса соҳада экспорт улушини ошириш баробарида ўнлаб истиқболли инвестиция лойиҳаларининг ҳаётбахшлигини таъминлайди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали аҳолига қайта тикланган, экологик тоза электр қувватини арзон нархда етказиб бериш имконияти ортади.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг