Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳолати муҳокама қилинди

17:25 10 Февраль 2024 Спорт
354 0

Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”

Парламент назорати доирасида Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилиб, натижалари Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилишда қатор ижобий натижаларга эришилган.

Хусусан, инвестиция дастурлари доирасида 763 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 296 та янги иш ўрни яратилган ҳамда ўтган йилда 901,3 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 61 мингтани, шундан 38 мингтани хўжалик юритувчи субъектлар (юридик шахс), 23 мингтани якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этган.

Вилоятда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун шароит яратилиб, бунинг натижасида Оҳангарон, Тошкент ва Зангиота туманлари юқори кўрсаткичларга эришган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 30 063 та тадбиркорлик субъектига жами 743,5 млрд сўм кредит маблағлари ажратилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, тадбиркорнинг фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлаётган муаммолар, жумладан, бино-иншоотларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига ер, бино ва кредит ажратиш ҳамда солиқ тўлови бўйича низолар каби масалалар бартараф этилмаганлиги сабабли вилоятда 2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига фаолият кўрсатган тадбиркорлик субъектларининг сони 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 мингтага камайган.

Вилоятда фаолият юритмаётган кичик бизнес субъектлари сони қарийб 20 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан Паркент, Ўрта Чирчиқ туманларида, Бекобод шаҳарда, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида ошган.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) онлайн-аукцион савдоларга чиқарилган 218 та бўш турган 88,1 гектар ер участкаларидан жами 428 та ҳолатда ваколатли ташкилотлар томонидан келишиш ёки хулоса бериш муддатлари бузилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги назорат органлари томонидан ўтказилган текширишларда 58 та қонун бузилиши ҳолати, шундан 21 тасида ноқонуний текшириш ва 37 тасида текшириш ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан мурожаатларнинг 21,9 фоизи (126 та) бўйича кўриб чиқиш муддати бузилган.

Туман (шаҳар) бўйича келиб тушган мурожаатлар тадбиркорлар сонига нисбатан таҳлил қилинганда, Пискент, Бўка туманларида ва Оҳангарон шаҳрида мурожаатлар сони ошган.

Мажлис давомида сенаторлар томонидан вилоятда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида мавжуд талаблар ва тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган “йўл харитаси” Сенатнинг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер