Тошкент вилоятида гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳлар фош қилинди

17:25 24 Февраль 2026 Жамият
411 0

Тошкент вилояти Зангиота туманида гиёҳвандлик савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Унда айтилишича, Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ тезкор ходимлари томонидан «пойтахт намунаси» асосида Зангиота туманини хавфсиз ва жиноятдан ҳоли муҳитга айлантириш мақсадида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши қатор тезкор тадбирлар ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида Яккасарой туманида яшовчи 22 ёшли аёл 26 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасини 2 млн сўмга шартли харидорга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, мазкур рейд тадбирлари Сергели, Қуйи Чирчиқ, Қибрай ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида давом эттирилиб, аёлни дори воситалари билан таъминлаб келган 26-50 ёш оралиғидаги 3 нафар эркак ва 2 нафар аёл ҳам ушланган.

«Тўрт кун давомида жами 6 нафар шахсдан иборат наркозанжирнинг барча бўғинлари узилиб, улардан турли ҳажм ва кўринишдаги 98 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 135 гр гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳужжатлаштирилиб олинди», — дейилади бошқарма хабарида.

Бундан ташқари, Зангиота туманида аниқланган яна бир ҳолатда эса, 1993 йилда туғилган, Қўқон шаҳрида яшовчи шахс 1 181 дона психотроп дори воситасини 30 млн сўм эвазига шартли харидорга сотган вақтида қўлга тушган.

Вилоят Ички ичлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ортда қолган 40 кун давомида Зангиота тумани ҳудудида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жами 16 та жиноий ҳолат аниқланиб, 2 та уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.

Тезкор тадбирлар натижасида турли ҳажм ва кўринишдаги 1 кг гиёҳвандлик моддаси, 1 371 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 2 000 дозага тенг 400 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?