Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан пресс-тур ташкил этилди

10:14 26 Февраль 2025 Жамият
131 0

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Жорий йилнинг 25 февраль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан пресс-тур ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари қатнашди.

Тадбирда қайд этилишича, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, Республикада биринчилардан бўлиб, тажриба-синов тариқасида дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйган. Бугунги кунда “Касб эгаси” дуал таълим тизими асосида таҳсил олаётган 1251 нафар талабадан 251 нафари дуал таълим шариатида, бир вақтда корхонада ойлик маош олиб меҳнат фаолияти олиб бормоқда.

Пресс-турнинг илк манзили сифатида хорижий корхона бўлган “ZELAL TEKSTIL” МЧЖ ташриф буюрилди. Қайд этилишича, институт ушбу корхона билан 2022 йилдан буён талабаларни дуал таълим асосида ўқитиш ва амалиётини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик қилади. Шу йилдан буён корхонада 120 нафар талабалар дуал таълим шариатида таҳсил олишган ва институтни битирган 10 дан ортиқ талабалар ҳамкорлик доирасида меҳнат фаолияти олиб бормоқда. 2024/2025 ўқув йилида эса 18 нафар талабалар дуал таълим шариатида таҳсил олиб, ойлик маош билан корхонада ишлайётган ҳолатлар кузатилмоқда.

Шундан сўнг, журналистлар “Nurtex” МЧЖ фаолияти билан танишишди. МЧЖ Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан талабаларнинг амалиётини ташкил этиш, 2022 йилдан буён дуал таълим асосида ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилади. Талабаларга корхонанинг етук мутахассислари замонавий тикув машиналари, тугма қадаш ва изма очиш ярим-автомат ускуналари, намлаб иситиш ва ишлов бериш ускуналари, бичиш дастгоҳлари каби қурилмаларда ишлашни ўргатишади. Дуал таълим шаклида таҳсил олиш жараёнида талабалар ойлик маош олиб, ўз меҳнат фаолиятларини олиб боришмоқда.

Пресс-турнинг сўнгги манзили сифатида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ташриф буюрилди. Университетда янги технопарк очилди, унда талабаларни ишлаб чиқариш жараёнига тайёрлаш учун барча шарт-шароит яратилган.

Бу чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбари томонидан спорт ва билим соҳасини ривожлантиришда белгилаб берилган устувор вазифаларга қўшимча равишда, талабаларнинг илмий-амалиёт фаолияти ва меҳнатга бўлган интилишларини янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?