«Тошкент — Орол» ралли карвони Қарши шаҳрига етиб келди

21:03 26 Май 2021 Спорт
1260 0

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Тошкент — Орол» Ралли карвони йўлга чиққан эди. Мазкур автомобиль карвони Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Оролбўйи минтақаси бўйлаб бугун Қарши шаҳрига етиб келди.

Мамлакатимизнинг кўзга кўринган тадбиркорларидан ташкил топган»Тошкент — Орол» Ралли карвони Қарши шаҳрида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди. Жамоат ташкилотлари раҳбарлари, аҳоли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

— Бизни ҳар бир шаҳарда илиқ кутиб олишмоқда, — дейди тадбиркор Равшан Абдиғаниев. — Бу албатта, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудудига айлантириш ташаббусининг БМТ томонидан қўллаб-қувватланганидан халқимиз жуда мамнун эканини кўрсатмоқда. Биз айнан Оролбўйи минтақасига, Мўйноққа ва бошқа ҳудудларга бордик, Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудига саксовул уруғини экиб, ўз ҳиссамизни қўшдик. Мамлакатимиз тадбиркорларидан ташкил этилган бу карвон тадбиркорларнинг давлатимиз билан ҳамжиҳат эканини яна бир карра намоён этмоқда.

«Тошкент — Орол» Ралли карвони Қарши шаҳридан Шаҳрисабзга йўл олди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер