Тошкент мезбонлигида Халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтмоқда

Фото: Жалолиддин Ражабов / «Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 18 май куни Тошкент шаҳридаги Халқаро Нордик университетида математика фанидан иқтидорли ўқувчи-ёшлар учун муҳим беллашув — «TasIMO-2025» Тошкент халқаро математика олимпиадасининг финал босқичи ўтказилди. Тўрт кунлик илмий ва маданий фаолиятларни қамраб олган мазкур олимпиада иштирокчилар учун бой тажриба ва унутилмас таассуротлар ҳадя этди.
«TasIMO-2025» Халқаро Нордик университети ҳамда IDC таълим маркази ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Болалар Омбудсмани, Жаҳон банки, ЮНИCЕФ халқаро ташкилоти, Рован университети (АҚШ) ва Карелия АФУ (Финляндия), «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ҳамда UzReport ТV ҳамкорлигида ташкил этилди.
Олимпиаданинг онлайн бўлиб ўтган 1-босқичда республикамиз бўйлаб 500 минг нафар ёш математиклар билими синовдан ўтказилди. Иккинчи, офлайн босқичда эса 14 та ҳудуддаги 2 минг 983 нафар иштирокчи-ўқувчидан 150 нафарига финал босқичга йўлланма берилди. Шунингдек, 48 та хорижий мамлакатдан 850 нафар иқтидорли ўқувчилар орасидан 242 иштирокчи финал босқичига тавсия этилди.
Кеча, 20 май куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Оқ тош қишлоғи яқинида жойлашган «Green Hills Resort» дам олиш масканида Тошкент халқаро математика олимпиадаси (TasIMO) доирасидаги муҳим тадбирлардан бири — «Халқаро математика фестивали» бўлиб ўтди.

Мазкур фестиваль дастурида иштирокчилар учун интеллектуал викториналар, заковат ва спорт мусобақалари ташкил этилди. Кун давомида иштирокчилар интеллектуал ва жисмоний ўйинларда ўз кучларни синаб кўришди.


Хусусан, қатнашчилар худди Жанубий Корея кино ижодкорлари томонидан суратга олинган «Калмар ўйини» (Squid Game) фильмдаги каби гуруҳларга бўлинган ҳолда арқон тортиш, беш тош сингари қизиқарли ўйинларда ўз имкониятларини синаб кўришди.


Бундан ташқари улар япон миллий кураши, сумо баҳсларида ҳам ўзаро куч синашишди.

Ўйинлардан сўнг болалар тоғли курорт масканда сайр қилиб, гуллар теришди ҳамда фото-ва видеосуратга тушишди.

Фестиваль якунида юқорида таъкидланган интеллектуал викториналарда ғолиб бўлган математикларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бугун, 21 май куни «TasIMO-2025» Тошкент халқаро математика олимпиадасининг финал босқичи натижалари эълон қилинади ҳамда ғолиблар пул ва қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади.
Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг