«Тошкент» халқаро аэропортида автоматлаштирилган автотураргоҳ ишга туширилди
Тест режимида Тошкент халқаро аэропортининг жўнаб кетиш терминали олдида Ўзбекистонда биринчи бўлиб 333 та автотураргоҳга мўлжалланган тўлиқ автоматлаштирилган автотураргоҳ ишга туширилди. Бу инсон аралашувисиз ишлайдиган биринчи автотураргоҳ.
Автотураргоҳ тизими автомобилларнинг давлат рақамларини мустақил равишда эслаб қолади ҳамда кириш/чиқиш ва тўловларни қабул қилиш имконини беради. Ҳайдовчиларга тўхташ жойи учун тўлов амалга оширишнинг икки усули таклиф этилади.
Автомашина рақамини автоматик идентификацияланган тақдирда, тўхташ жойи учун тўлов махсус автотураргоҳ ҳисоблагичи орқали нақд пулда ёки QR код ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Тўловни амалга ошириш учун машина рақами терминалга киритилади, шундан сўнг тўлов миқдори паркометр дисплейида пайдо бўлади. Агар машинанинг рақамини автоматик равишда аниқлаш имкони бўлмаса, автотураргоҳга киришда ўрнатилган терминалдан махсус чиптани олиб, чиқишда ушбу чипта ёрдамида тўлов амалга ошириш лозим.
— «Uzbekistan Airports» автотураргоҳларини реконструкция қилиш доирасида «К2» компаниясидан Япониянинг "Amano" брендидаги автотураргоҳ ускуналари харид қилинди ва ўрнатилди. Тўлиқ интеграциялашган тизим бутун жараённи — кириш, чиқиш ва тўловни автоматлаштириш имконини беради. Ўзбекистонда бугунги кунда бундай ечимлар, айниқса, тўловдан сўнг мижозга автоматик равишда қайтим берадиган тизимлар ҳозирда йўқ. Ҳозирда тизим тест режимида ишламоқда. Шу билан бирга, автомобиль рақамларининг қўшимча шаблонларини қўшиш, тўлов усулларини тўлдириш бўйича баъзи техник нюанслар якунланмоқда, шунингдек, автомобиль ҳайдовчиларини янги технологияларга ўргатиш устида ҳам иш олиб борилмоқда, — деди IT департамент директори Кирилл Лаврик.
Айни пайтда барча янги ва эски банкноталар, қайтимни олиш имконияти билан, тўловга қабул қилинади. Шу билан бирга, Payme тўлов тизими ёрдамида QR-код орқали тўловни амалга ошириш мумкин. Яқин вақт ичида бошқа тўлов тизимлари, шунингдек, Visa, Mastercard, Humo ва UzCard банк карталари орқали тўловлар амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Шунингдек, мобил илова билан автотураргоҳнинг интеграциялашуви ҳам якунланмоқда, бу эса автомобилдан чиқмасдан тўловни амалга ошириш имконини беради.
— Инсон омилисиз ишлайдиган автоматлаштирилган автотураргоҳнинг ишга туширилиши нафақат қулайлик ва янги технологияалр, бугунги кунда уларсиз ҳеч қандай соҳа ривожлана олмайди, балки коррупция ва порахўрликдан халос бўлиш имконини берувчи муҳим қадамдир. Тизимнинг икки кунлик ишлаши натижасида олинган маълумотларга кўра, ҳайдовчиларнинг 99 фоизи автотураргоҳ учун нақд пулда тўлов амалга оширади, бу эса маблағларнинг ноқонуний чиқиб кетиш имконияти катталигидан далолат беради. Автоматлаштириш коррупция фактини бутунлай истисно қилади - терминал билан «келишиб» бўлмайди ва у даромадларни яширмайди. Тўлиқ молиявий шаффофлик, — деди «Uzbekistan Airports» бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Бу автотураргоҳларни автоматлаштиришга қаратилган биринчи қадам. Айни пайтда иккинчи автотураргоҳда – келиш терминали олдида ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Келгусида пойтахт аэропортининг қолган автотураргоҳлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг