Тошкент давлат педагогика университети томонидан Адиблар хиёбонида очиқ дарс ташкил этилди

16:48 17 Сентябр 2020 Маданият
2035 0

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан кеча юртимизнинг энг хушманзара масканларидан бири бўлган Адиблар хиёбонида ёшларни аждодлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром рухида тарбиялаш, уларга ватанга муҳаббат туйғуларини сингдириш мақсадида «Абдулла Авлонийнинг ҳаёти ва ижоди — ёшлар учун ҳаёт мактаби» мавзусида очиқ намунавий дарс машғулоти ўтказилди. Очиқ ноанъанавий дарс машғулотини университет ректори Алишер Умаров очиб бериб, Абдулла Авлоний адабий мероси, адибнинг гултожи саналган «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ» асарида инсон учун муҳим бўлган жамики ахлоқ-одоб меъёрлари, таълим – тарбия масалалари чуқур мушоҳада қилинганлиги тўғрисида эканлигига, шунингдек, “Инсон бу оламнинг зийнати ва тожи. Оламдаги ҳамма нарса фақат унинг учун яратилганлиги, инсонни таълим олишга, яхшилик ва ёмонлик, оқ-қоранинг фарқига боришга, инсоф, диёнат, виждон каби ахлоқ нормаларига риоя этишга чақирганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Абдулла Авлоний ҳаёти ва ижодига бағишлаб йўл харитаси асосида тизимли олиб борилаётган фаолият тўғрисида батафсил маълумот берди.

Очиқ дарс машғулотида Абдулла Авлоний тарихий-бадиий ўзбек фильми режиссёри, "Шуҳрат" медали соҳиби Музаффархон Эркинов, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, кино театр актёри Маъруф Отажонов, Миллий театр актёри Ҳамза Хасанов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходими, шоира Фароғат Худойқулова, Республика маънавият тарғибот марказининг Чилонзор туман бўлими раҳбари Умид Турсунов томонидан Авлоний шахсияти, унинг таълимий-ахлоқий асарларининг бугунги кунда ёшларимиз учун муҳим аҳамияти ва долзарблиги тўғрисида талабаларга ибратли ҳикоялар маъруза қилиб берилди.

Дарс якунида университет талабалари Абдулла Авлоний ижод намуналари асосида тайёрлаган бадиий чиқишлари билан барчага хуш кайфият улашишди. Абдулла Авлонийнинг ибратли ҳаёт йўлига бағишлаб, очиқ осмон остида ўтказилган дарс машғулоти бугунги дориламон кунларни қадрига етиш, вақтдан унумли фойдаланиш, шунингдек, адиб ҳаётини ўрганиш ва тарғиб қилиш учун муҳим ва аҳамиятлидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?