“Тўрақўрғон” замонавий туризм кўчасига айлантирилади
Давлатобод туманининг мазкур кўчаси охирги пайтларда бирмунча эътибордан қолиб келаётган эди. Унинг умумий узунлиги 3,1 километр бўлган йўли тубдан янгиланадиган бўлди. Лойиҳага кўра, у тўрт тасмалига айлантирилади. Кўчанинг икки томонида замонавий пиёдалар йўлаклари, кенг яшил ҳудудлар ташкил этилиб, 1400 дона ёритиш чироқлари ўрнатилиши режалаштирилган. Шунингдек, иккита хавфсиз ва замонавий ер усти пиёдалар йўлаги қурилиши кўзда тутилган бўлиб, бу ҳаракатни янада қулай ва хавфсиз қилади.
— Лойиҳа ижроси учун 40,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда, —дейди Давлатобод тумани ҳокимининг ўринбосари Сардор Раҳимов. — Йўл қурилиши билан бирга кўчада жойлашган уй-жой ва бошқа объектларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 109 та хонадон капитал, 286 та нотурар объект қайта таъмирланади. Шу билан бирга, 5 та объект янгидан қурилиб, яна 20 та янги бино барпо этилиши мўлжалланмоқда. Бу ўз навбатида тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожи учун катта имкониятлар яратади.

Кеча туман туризм салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган мазкур лойиҳанинг тақдимоти ташкил қилинди. Унда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, нуронийлар, фаоллар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар “Тўрақўрғон” кўчасини туризм ҳудудига айлантириш бўйича бошланган ишлар туман қиёфасини замонавийлаштирибгина қолмай, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, сайёҳлар учун жозибадор муҳит яратиш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшишини эътироф этди. Нуронийларнинг “оқ фотиҳа”си билан лойиҳага старт берилди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг