«Тўпаланг» сув омбори хавфсизлиги қай даражада таъминланган?

16:12 06 Декабрь 2020 Жамият
5273 0

Сариосиё туманидаги «Тўпаланг» сув омбори 1982 йилда қуриб бошланган бўлиб, лойиҳа қуввати 500 миллион куб метр.

“Toʼpalang HPD Platinum” МЧЖ директори ўринбосари Саъдулла Асадовнинг маълумот беришича, сув омбори тўғонининг баландлиги 165 метр, яна 22 метр ер остига пойдевор қилинган, иккаласи қўшилганда 187 метрни ташкил қилади. Сув омбори ўтган йилнинг ўзида жами 450 миллион куб метр сув йиққан.


С.Асадов тўғонга ортиқча сув келиши эҳтимоли мавжудми ёки эҳтимолдан йироқми деган саволга ҳам жавоб берди. Унга кўра, тарихда кўп сув келган ҳолатлар ҳам бўлган, тўғонни қуришда бу ҳам ҳисобга олинган ва тўғон остидан сув ўтказгичлар ўтказилган, канал ҳам мавжуд. Ортиқча келганида сув улар орқали чиқариб юборилади.

Мутасаддилар тўғон хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни олдини олиш борасида ҳам маълумот берди. Маълум қилинишича, яқинда Франциядан келган мутахассислар тўғоннинг сифати бўйича ўрганишлар олиб борган ва ижобий баҳолаган.

Тўғон бошқаруви автоматлаштирилган бўлиб, хориждан келтирилган назорат, ўлчов, кузатиш мосламалари жараённи мунтазам назорат қилиб боради. Бундан ташқари тўғон ўртасига ҳам махсус датчиклар ўрнатилган ва улар барча маълумотларни қайд қилиб боради. Ҳозирда тўғонга яқин жойлашган 10 та маҳаллага биттадан маълумотларни етказиб турувчи овоз кучайтиргич аппаратлари ўрнатилмоқда. Шунингдек, сейсмостанция ҳам зилзиланинг тўғонга таъсирини кузатиб боради.

Инобат АҲАТОВА, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер