Тонгга пешвоз чиққан муқаддас замин

14:45 25 Март 2025 Жамият
106 0

Бугун Бухоро вилоятини кезсангиз, ҳар қадамда ҳаётбахш ўзгаришлар, бунёдкорлик ва ободлик манзараларига, келажакка ишонч ҳисси билан яшаётган инсонларга дуч келиб, қалбингиз нурга тўлади. Шу билан бирга, тарих тилсимлари ўзига чорлайди.

Осори-атиқаларга бой кентлар қаторида Бухоро шаҳрининг ўрни бўлакча. Қадимда “Нумижкат”, “Бумичкат”, “Мадинат ат-тужжор”, “Фохира” деган номлар билан ҳам аталган шаҳарнинг 400 дан зиёд меъморий ёдгорликлари бор.

Вилоятнинг ҳар қарич ери азиз, ҳар қисм тупроғи муқаддас. Тарихий китобларда Бухородан ҳам қадимийроқ дейилган Варахша, шунингдек, Пойкент ва Вардонзедан топилган осори-атиқалар, Ромитан, Вобкент, Ғиждувондаги обидалару муборак қадамжолар бу ҳудудлар қандай шонли ўтмишни бошдан кечирганидан, не-не улуғ зотларга бешик бўлганидан сўзлайди.

“Ислом динининг гумбази“

Бухоро шаҳри ўз тарихи давомида неча бор истило ва босқинлар оқибатида ўт ичида қолган, теп-текис чўлга айланган, аммо кулдан пайдо бўлган афсонавий қақнус қуш каби яна ўз ўрнида қад ростлаган. Ҳаёт тўхтамаган. Ва айнан ўз ўрнида қайта ва қайта тикланган кўҳна шаҳарлар дунёда саноқлидир.

Аҳамиятлиси, дунёдаги 7 та шаҳарга “шариф“ унвони берилган бўлса, уларнинг бири Бухородир. Бу кентни “Ислом динининг гумбази”, муқаддас, шарафли, шарофатли шаҳар деган номга муносиб этмоқ эса Хожа Имом Абу Ҳафс Кабир (768 — 832 йиллар), Имом Бухорий (810 — 870 йиллар), “Шайх ул-олам” унвони билан танилган Сайфиддин Бохарзий (1190 — 1261 йиллар) ва уларнинг шогирду издошлари зиммасига тушди.

Имом Бухорийнинг устози саналган Абу Ҳафс Кабир манбаларда жуда зеҳнли, салобатли, хотираси ўткир, сўзи кескир, ҳалол ва адолатпарвар инсон бўлгани айтилади. Бошқалар бир ҳафтада ёд оладиган ояту ҳадисларни у бир кунда хотирасига муҳрлаган. Ҳаётий масалалар юзасидан баҳс юритувчи фиқҳ илмини мукаммал эгаллаган. Бухорода мадраса бунёд этган.

Ривоятларда айтилишича, сершовқин Шаҳристон бозорида кунига икки бор бир лаҳзалик сукунат чўкар эди. Бу Абу Ҳафс Кабирнинг мадрасага бориш ва ундан қайтиш вақтида рўй берарди.

“Устоз келяпти”, дейилган заҳоти бозордаги одамлар бу табаррук зотнинг ҳурматини қилиб, сукут сақлаб турарди. Уни “Муаллими ислом”, яъни “Ислом динининг муаллими” дея эъзозлашган. Шу буюк аждодимиз шарофати билан Бухоро “Қуббат ул-ислом” (“Ислом динининг гумбази”) деган шарафга лойиқ кўрилди. У яшаган маҳалла дарвозаси “Ҳақроҳ”, яъни “Ҳақ йўли” деб аталди.

— Абу Ҳафс Кабир асос солган мадраса Бухородаги энг қадимий олий ўқув юрти саналади, — дейди тарих фанлари доктори, манбашунос олим Комилжон Раҳимов. — 800 — 810 йиллар атрофида қурилган бу табаррук даргоҳ шўролар инқилобига қадар фаолият кўрсатган. Унда ўз даврида Имом Бухорий ҳам таҳсил олган. Гулобод, Ғарибия, Форжак, Кулартегин каби мадрасалар тарихи ҳам IX-X асрларга бориб тақалади. Умуман, Мир Араб мадрасаси бунёд этилгунга қадар Бухоро ва унинг атрофида йигирмадан зиёд турли тоифадаги олий ўқув юртлари бор эди.

Мир Араб мадрасасига келсак, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йилда унинг 500 йиллиги кенг нишонланди. Мустақиллик шарофати ила Хожа Абу Ҳафс Кабир мангу қўним топган гўша ҳозир обод қадамжога айлантирилган. Сайфиддин Бохарзий номи билан аталувчи маҳалладаги “Фатхобод” зиёратгоҳида эса “Ислом тамаддуни намояндалари” хиёбони барпо этилмоқда.

“Қандай бахтли онасиз!”

“Мустақиллик” сўзини бежиз тилга олмадик. Истиқлол йилларида миллий ва диний қадриятларимиз қайта кўз очди. Дунё Бухорога, Бухоро дунёга юз бурди. Ёшларимиз Бухорийлар, Ибн Синолар авлоди эканидан кўнглида ғурур ҳиссини туймоқда. Маррани баланд оляпти.

Мана, Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби битирувчиси Парвиз Тўқсановни олиб кўринг. У Ўзбекистон тарихида биринчи марта SAT (Scholastic Aptitude Test) — халқаро академик баҳолаш тестидан 1600 балл тўплашга эришди. Натижада ёш ҳамюртимиз учун дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари ўз эшигини очди.

Дарвоқе, яқинда унинг ҳаётида яна бир унутилмас воқеа содир бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида иштирок этиб, эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

— Бу биз учун тарихий кун бўлди. Ўғлим туфайли эътиборга сазовор бўлдим, — дейди шу тадбирда қатнашган Феруза Нуриддинова. — Президентимиз менга мурожаат қилиб, “Қандай бахтли онасиз! Бухорои шариф дейди Бухорони. Шарифликка муносиб фарзанд етиштирибсиз, сиздан миннатдорман”, деган самимий сўзларни айтганида бениҳоя тўлқинландим. Ўғлим мисолида баралла айта оламанки, фарзандининг келажагига сармоя киритган ота-она асло ютқазмайди.

Вилоятда Парвиз каби илмга ташна ўқувчилар кўп. Ўтган йилда улар халқ­аро фан олимпиадаларида 22 та медални қўлга киритди. Умумтаълим мактабларини тамомлаган 11-синф битирувчиларининг 12 минг 797 нафари ёки 58,3 фоизи олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Кириш имтиҳонларида тўпланган ўртача балл 89,2 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича вилоят республикада етакчи ўринда!

Сўнгги уч йил мобайнида эришилган натижаларни солиштирадиган бўлсак, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш улуши 25 фоиздан 54 фоизга, кириш ўртача балл кўрсаткичи 70 дан 89,2 баллга ошганини кўриш мумкин.

Амаллар ниятга боғлиқ

Ҳа, бугун Бухоро вилоятининг қай бир гўшасига борманг, бунёдкорлик ишларини кўрасиз. Ҳатто марказдан узоқ туманларда ҳам шу вақтга қадар мисли кўрилмаган мегалойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, “Қоракўл” эркин иқтисодий зонасида барпо этилаётган газ-кимё мажмуасини олиб кўрайлик. Марказий Осиёдаги энг йирик саноат инвестиция лойиҳаси саналган бу объектда метанолдан олифен олиш технологияси йўлга қўйилади. Қиймати 2,7 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳа натижасида йилига 2,1 миллиард куб метр газ қайта ишланиб, юқори ликвидли маҳсулотлар тайёрланади. Сирасини айтганда, 7-8 йил муқаддам буни тасаввур ҳам қилиш мушкул эди.

Нефть ва газ соҳаси вилоят иқтисодиётининг устувор йўналишларидан саналади. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ёки Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлган киши бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

— Кекса чўпонларнинг эслашларича, бир пайтлар гугурт чақилса, оёқ остидаги ердан учқун чиққан, — дейди Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи Жасур Аҳмедов бизни бийдай саҳродаги технологик ускунанинг ишлаши билан таништираркан. — Лекин вақт кўрсатдики, ер ости бойликлари битмас-туганмас эмас. Эндиликда табиий газни 1,5-2 минг метр ва ҳатто ундан ҳам чуқурроқда жойлашган қудуқлардан қазиб олишга тўғри келяпти.

Шу боис ҳам саҳро бағридаги бу корхонада Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ янги технологик қурилмалар ишга туширилди. “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуаси Газли газни қайта ишлаш заводи сифатида қайта ташкил этилди. Қудуқларни ишлатиш билан боғлиқ жараён рақамлаштирилди. Натижада масофадан туриб у ёки бу қудуқдан газ қазиб олиш жараёнини тўлиқ назорат қилиш имкони туғилди.

Ёки бошқа бир мисол. Бухоро шаҳрида “Bukhara Next Generation Product” МЧЖ томонидан қиймати 120 миллион АҚШ доллари бўлган бизнес лойиҳа амалга оширилди. Бу ерда йилига икки миллионта электроника ва маиший техника воситаси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Муҳими, корхонада икки мингта иш ўрни яратилди. Бу далилга алоҳида урғу беришимиз бежиз эмас. Замон шиддат билан ўзгармоқда. Инсон талаб ва эҳтиёжи ҳам бир жойда туриб қолмаяпти.

Шу нуқтаи назардан, “Инсон қадри учун” тамойилига юртимизда амалга оширилаётган барча ўзгаришларнинг асоси сифатида қаралаётгани айни муддао. Дейлик, Қоракўл ва Ғиждувон туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида 360 хонадонли 18 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Вилоятда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 74 фоизга етказилди. Жаҳон ва Осиё миқёсидаги спорт мусобақаларини ўтказиш имконига эга “Универсал” мажмуаси қурилди. Булар давлатимиз раҳбарининг вилоятга қилган ташрифи ўлароқ амалга оширилган ишлардан бир шингил, холос.

— Ҳадисларда айтилганидек, ҳамма амаллар ниятга боғлиқ, — дейди шофирконлик донгдор деҳқон, Ўзбекистон Қаҳрамони Азим Латипов. — Эзгу мақсад билан бошланган ишлар юртдошларимизнинг ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қилмоқда.

Бу фикрни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Чунончи, табиий газ, нефть, графит, бентонит, мармар, гипс каби табиий ресурсларга бой, тўқимачилик саноати жадал ривожланаётган вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2024 йил якуни билан 71,6 триллион сўмга етди. Бу 2023 йилдагига нисбатан 106, 6 фоизга кўп. Ўтган йили 236 минг кишининг бандлиги таъминланди. Ишсизлик даражаси 6,5 фоиздан 5,1 фоизга тушди. Камбағаллик даражаси эса 7,3 фоизни ташкил этди. Ваҳоланки, 2023 йилда бу кўрсаткич 11,8 фоиз эди.

Ташриф буюришга энг муносиб шаҳар

Кўҳна Бухорони сайёҳларсиз тасаввур этиш мушкул. Унинг туристик салоҳиятини кўрган чет эллик инвесторлар йирик лойиҳаларга сармоя тикмоқда. “Wyndham”, “Mercure”, “Sahid” каби таниқли халқаро брендларга хос иккита тўрт юлдузли, тўртта уч юлдузли меҳмонхоналар иш бошлади. “Hyatt regency”, “Hilton”, “Ramada” каби халқаро брендлар ҳам меҳмонхоналарни ишга тушириш арафасида.

— Сайёҳларга зарур инфратузилма яратиш кўлами йил сайин кенгаймоқда, — дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Бобуржон Тўхсанов. — Ўтган йил якунида меҳмонхоналар сони 607 тани ташкил этди. Бу эса 2023 йилдагига нисбатан 111, 6 фоизга кўп. Туристик корхоналар эса 186 тага етди. Бу давлатимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, албатта.

Қадимий ёдгорликларни асраб-авайлаш, консервация қилишга ҳам эътибор кучаймоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан 156 миллиард сўм миқдоридаги маблағ обидаларни таъмирлашга йўналтирилгани фикримиз исботи. Бунгача эса Юртбошимизнинг топшириқ ва тавсиялари асосида етти пир — Абдулхолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари янада обод этилган эди. Ўтган йилда Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида 600 йилча муқаддам қурилган “Тоқимиёна” зиёрат йўлаги тарихий манбалар асосида қайта тикланди. Пировардида туризм намойиш объектлари сони 300 тадан ошди.

Вилоятда сайёҳлик иқтисодиётнинг етакчи бўғинига айланиб бораётир. Чунончи, ўтган йилда Бухорога 1 миллион 745 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. 2023 йил билан таққослаганда бу кўрсаткич 125,8 фоизга ошди. 2024 йилда туризм экспорти ҳажми 436,3 миллион АҚШ долларига етди. Бу аввалги йилдагига нисбатан 128,7 фоизга кўп. Зиёрат туризми йўналишида Сингапурда бўлиб ўтган умумжаҳон саммитида Бухорои шариф “Halal In Travel Global Summit 2024” мукофотига муносиб кўрилгани ҳам жуда кўп нарсани англатади.

— Шаҳрингизда ўзимни бамисоли шарқона эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим, — дейди ирландиялик сайёҳ Беатри Энен. — Мени миллий урф-одатларингиз, халқ амалий санъати усталарининг қўл меҳнати асосида тайёрлаётган ранг-баранг маҳсулотлар ҳайратга солди. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу шаҳарга яна келиш ниятидаман.

Дарҳақиқат, дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюриб, кўҳна кентни томоша қилган сайёҳлар билан суҳбатлашсангиз, улар Бухорога афсонавий, меҳмондўст, мўъжизакор, бетакрор, мафтункор, юракка яқин, тинч ва осуда, обод шаҳар, дея таъриф беради. Бинобарин, АҚШнинг “The New York Times” нашри Бухоро шаҳрини 2025 йилда жаҳоннинг ташриф буюришга энг муносиб жойлари рўйхатига киритгани бежиз эмас.

Маънавий дунёмиз ғариб бўлмасин

Гуруч курмаксиз бўлмайди. Вилоятда ҳамма ишлар силлиқ кетяпти, дейиш фикридан йироқмиз. Оғриқли нуқталар кам эмас. Яқинда зиёли танишларимиздан бири эски шаҳарда дилни хира қиладиган, бир қарашда арзимасдек туюлган воқеанинг шоҳиди бўлди. Унинг айтишича, хорижий меҳмон Лабиҳовуз бўйида уч-тўрт чоғли маҳаллий фуқародан ниманидир сўрар, улар эса бир-бирларига қараб елка қисишар эмиш. Суриштирса, меҳмонга санъат музейининг манзили керак экан. “Қанийди, ҳар бир оилада дам олиш кунлари музейга бориш анъанаси шаклланса, шунда юқоридагига ўхшаш хижолатпазлик бўлмасмиди”, дейди танишимиз.

— Худди шунга ўхшаш воқеага мен ҳам шоҳид бўлдим, — дейди ғиждувонлик ижодкор Комилжон Жўраев. — Биласиз, улуғ адиб Садриддин Айний туманимиздаги Соктаре қишлоғида туғилиб ўсган. Бу ерда унинг шарафига музей ташкил этилган. Афсуски, бошқа жойларни қўя туринг, соктарелик айрим ёшлар ҳам шундай гўшанинг борлигини билмайди.

Лоақал бир нусха газета ва журнал кириб бормаётган маҳалла ва қишлоқларни айтмайсизми? Ҳукуматимизга раҳмат, таълим муассасалари кутубхоналари давлат ҳисобидан қатор газета-журналлар билан бойимоқда. Лекин муаллимлар орасида бадиий-илмий китоблар, матбуот нашрларини ўқишга, билим ва дунёқарашини юксалтиришга ҳафсаласи йўқлари учраётгани ачинарли. Таълим муассасаларидан бирида бўлиб она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари билан суҳбатлашганимизда улар ўқигани вақт йўқлиги, иш беҳад кўплигини рўкач қилишди. Ахир, уяли телефондан кўз узмай қолган, ижтимоий тармоқларга ихтиёрини ўғирлатиб қўйган ўғил-қизларга ота-оналар ва муаллимлар китоб мутолааси орқали ўрнак бўлиши керак эмасми? Бухоролик бўла туриб баъзи муаллимлар шоирлар — Тошпўлат Ҳамид билан Тошпўлат Аҳмадни, Султон Жўра билан Тилак Жўрани чалкаштириб юради. Шунда Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт муаллими” ҳикоясида ёзганлари бунинг олдида ҳолва эмасмикан, дея аччиқ ўйга толасан, киши.

Бухородаги маҳаллалардан бирига марҳум адиб номи берилган. У шу ерда туғилган. Таниқли ёзувчи-адиб бўлиб етишган. Маҳалла раиси билан шу ҳақда гурунглашмоқчи эдик. Аммо суҳбатимиз қўр олмади. Раис “У киши катта шоир бўлган”, дейишдан нарига ўтмади. Икки-уч минг нафар аҳолига бош-қош саналган етакчининг савияси шу бўлгач, додингни кимга айтасан?!

Сайёр қабулларда оилавий можаролар, алимент масаласи, уй-жой қурилишидаги фирибгарликлар юзасидан мурожаатлар кўплиги кузатилмоқда. Ваҳоланки, китобга ошно тутинган, дунёқараши кенг ёшларнинг оила, турмуш қадрига етиши, бир-бирини тушуниб яшаши аллақачон ўз исботини топган. Қолаверса, қурилишдаги фирибгарликлар ортида ҳам маънавий дунёси ғариб кимсалар тургани кундай равшан. Шу сабаб виждонни жиғилдонга уриб, нафс қулига айланишган. Таажжубки, ўз ҳақ-ҳуқуқини тузукроқ билмаган фуқаролар уларнинг тузоғига тушган...

Гапнинг индаллоси шуки, маънавиятсизлик, лоқайдлик, билимсизлик балосидан ўзимизни, фарзандларимизни асрайлик. Токи, иллат газак олмасин!

Енгил нафас олар она Бухоро

...Келинг, яна хайрли амаллар, хушхабарларга тўхталайлик. Зеро, 2025 йил воҳа аҳлига кўплаб эзгу ниятларнинг рўёбини ваъда қилмоқда. Масалан, “Янги Ўзбекистон” массивларида 540 та хонадонга мўлжалланган 12 та, талаб юқори ҳудудларда эса 128 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этиляпти. Гулчорбоғ маҳалласидаги 50 гектар ерда вилоятнинг янги маъмурий маркази қурилишига киришилди. Шайхон маҳалласида Бухоро давлат университетининг 20 минг ўринли янги кампуси барпо қилинади. Қоракўл туманида эса Ачария университетининг лойиҳа қиймати 90 миллиард сўм бўлган биноси фойдаланишга топширилади.

— Бухоро туманидаги “Новметан” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий аэропорт қурилишига киришилмоқда, — дейди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Олимжон Жўраев. — У ишга тушгач, соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Амалдаги аэропорт эса соатига 400 кишини қабул қилиш имконига эга, холос. Шунингдек, янги аэропорт томон 23 километр узунликда автомобиль йўли қурилади. Ёндош ҳудудда “Янги Ўзбекистон” боғининг барпо этилаётганидан ҳам юртдошларимиз беҳад мамнун. Замонавий бу боғ воҳанинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади.

— Бухорода таҳсил оляпман, — дейди хоразмлик талаба Уллибиби Ғойибова. — Бухоро — Урганч — Хива темир йўлида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд қатнови йўлга қўйилишини эшитиб, жуда суюндим. Негаки, ота-боболаримиз “Йўл азоби — гўр азоби”, деб бежиз айтмаган. Биз учун энди йўлнинг олислиги муаммо бўлмай қолади. Айтишларича, электропоезд бориб-келиш вақтини уч соатгача қисқартиради.

Узунлиги 465 километрдан иборат бу йўналишдаги тезюрар поездлар ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади, албатта. Бугина эмас, вилоятда йўлсозлик, аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш, автотранспорт хизмати кўрсатиш каби қатор соҳаларда ҳам салмоқли ишлар бажариляпти.

Яқинда эса яна бир хушхабар қанот ёзди. Бухоро ЮНЕСКОнинг нуфузли “Ижодкор шаҳар тармоғи” дастурига қўшилди. У минтақамизда шундай шарафга эришган дастлабки шаҳарга айланди.

Айни дамда эса қадимий ва навқирон Бухоро яна бир йирик тадбир тараддудида. Шаҳарнинг тарихий қисмида Марказий Осиёда илк бор халқаро тасвирий санъат биенналеси ўтказилади. ЮНЕСКО шафелигида ташкил этиладиган бу тадбир ҳам халқимиз ижодкорлик, бунёдкорлик салоҳиятининг кўзгусига айланиши муқаррар.

Хушхабарлар, залварли режалардан киши қушдек енгил тортади. Қалб шукроналик ҳиссини туяди. Ёруғ орзу-умидлар оғушидаги юртда яшаш бахтидан кўнгил нурланади.

Тонгга пешвоз чиққан муқаддас замин,

Беқиёс гўзаллик бахш этар дамлар.

Кўтариб тобора шуҳрату шаънин,

Бунёдкор эл яна дадил одимлар!

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?