Томорқа – меҳнат қилганга хазина
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг дастлабки уч чорагида Қашқадарё вилоятида 154,8 минг тонна картошка, 434,6 минг тонна сабзавот, 205,8 минг тонна полиз, 161,2 минг тонна мева ва резаворлар ҳамда 82,9 минг тонна узум етиштирилган.
Ушбу маҳсулотларнинг асосий қисми шахсий ёрдамчи хўжаликлар, яъни аҳоли томорқаларидан йиғиб олинган. Бу албатта, аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланилаётгани самарасидир.
Ғузор туманининг Гулшан маҳалласида истиқомат қилаётган Фарҳод Маҳмудов ҳам томорқасини оиланинг асосий даромад манбаига айлантирган тадбиркорлардан.
— Ўзим хорижий корхоналардан бирида ишлайман, — дейди у. — Бўш вақтимда оила аъзоларим билан томорқада меҳнат қиламан. Чунки оилавий даромадимизнинг асосий қисми томорқа ҳиссасига тўғри келади. Томорқанинг бир четида кичик иссиқхона барпо этганмиз. Бу ерда 12 та лимон бутаси бор. Ҳар йили 150 килограмм атрофида лимон ҳосили оламиз. Ҳовлида 20 дан ортиқ олма, ўрик, гилос ва шу каби мевали дарахтларимиз бор. Ҳаммаси ярим пакана, ҳосилдор навлар. Уларнинг орасида картошка, пиёз, сабзи экамиз. Сигир, қўй, товуқ боқамиз. Хуллас, озиқ-овқатнинг ҳам, даромаднинг ҳам кети узилмайди.
Фарҳод Маҳмудовнинг таъкидлашича, томорқада етиштириш имкони бўлган бирорта ҳам маҳсулотни бозордан сотиб олмайди. Қўшимчасига, помидор, картошка ва сабзини кўп миқдорда етиштириб, истеъмолдан ортиқчасини ички бозорга етказиб бериш орқали яхшигина даромад олишни ҳам уддаламоқда.
— Бугунги кунда маҳалладаги 1057 та хонадоннинг аксарияти ўз томорқаларидан самарали фойдаланиб, яхши даромад топмоқда, — дейди “Гулшан” МФЙ раиси Раҳмат Абдуллаев. — 300 дан ортиқ хонадон вакиллари ўз ҳовлиларида иссиқхона қурган. Бу маҳалладаги деярли, ҳар уч хонадондан бирида иссиқхона мавжуд, деганидир. Улар “ёпиқ томорқа”да турли кўкатлар, помидор, бодринг етиштирмоқда. Гулчилик, лимончилик билан шуғулланиб, яхши даромад оляпти.
— Ҳовлимда 1,5 сотих иссиқхонада 22 туп лимон билан бир қаторда, бир неча туп апельсин буталарини ҳам парваришлаб келмоқдаман. Бундан беш-олти йил аввал экилган апельсинлар қийғос ҳосилга кирган, — дейди шу маҳаллалик Ҳамза Ҳакимов. — Бир туп апельсиндан 20 килограммдан ортиқ мева олдик.
Миришкоримизнинг иссиқхонаси мўъжазгина бўлишига қарамай, бир томонида апельсин, бир томонида лимонлар ғарқ пишган. Гултувакларда парваришланаётган турли хилдаги гуллар кўзни яшнатади.
Бугун Гулшан маҳалласида томорқачилик, хусусан, иссиқхона хўжаликлари энг ривожланаётган йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Аксарият хонадонлар бу фаолият ортидан аввало, ўз турмуш фаровонлигини таъминлаётгани, шу аснода бозорларимизнинг тўкин-сочинлигига ҳисса қўшишаётгани эътиборга молик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг