Тўловга қобилиятсиз корхоналарни тугатиб юбориш осон. Аммо...
Хусусий мулкни янада ривожлантириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, уни кенг ривожлантириш учун максимал қулай шароит яратиш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди.
Тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун мукаммал ҳуқуқий асослар билан бир қаторда, зарур шарт-шароитларнинг яратиб берилаётганлиги янги корхоналар ташкил этилишида ва мавжудларининг фаолиятини кенгайишида салмоқли аҳамият касб этмоқда, янгидан-янги иш ўринлари яратилиб, халқнинг даромади ошмоқда.
Корхонада корпоратив ва ишлаб чиқариш муносабатларининг амалдаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнидан орқада қолиши натижасида корхона банкротлик ҳолатига тушиб қолади. Тўловга қобилиятсиз корхоналарни тугатиб юбориш қийин эмасдир, аммо унинг оқибатида ушбу корхоналарда иш билан таъминланган фуқаролар иш ўрнини йўқотади, шартлашувчи субъектлар ўртасида низолар, улар фаолиятига салбий таъсир ва бошқа шу каби кўплаб ижтимоий ҳамда иқтисодий масалалар келиб чиқади.
Шу ўринда муҳим бир жиҳат, ижтимоий муносабатлар ривожланган сари, уларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи нормаларнинг ҳам такомиллаштириб бориш зарурати юзага келади.
Маълумки, банкротлик муносабатларини тартибга солувчи «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун 2003 йилда қабул қилинган бўлиб, унда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиши натижасида вужудга келаётган янги муносабатларни тартибга солувчи механизмлар акс эттирилмаган эди.
Қонуннинг номи ҳамда матнида «банкротлик» атамасининг кенг қўлланилганлиги, мазкур Қонуннинг корхонани банкрот, деб топиш ва уни тугатишга қаратилганлигини англатар эди.
Жорий йилнинг 13 апрелдан кучга кирган «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарга ўз фаолиятини қайта ташкил этиш ва тўлов қобилиятини тиклашга имкон бериш орқали иқтисодиётга таъсир ўтказади.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши иқтисодий жиҳатдан танг аҳволга
Эътиборлиси, Қонуннинг номи ва матнидаги «банкротлик» сўзларини «тўловга қобилиятсизлик» сўзлари билан алмаштирилганлигини Қонун мазмунан иқтисодий ночор ҳолатга тушган корхоналар фаолиятини тиклашга йўналтирилаётганлиги билан боғлаш мумкин.
Хориж амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, бу каби қонунлар Германияда «Иқтисодий тўловга қобилиятсизлик», Қозоғистонда «Реабилитация ва банкротлик», Японияда «Корпоратив қайта ташкил этиш, фуқаролик реабилитацияси ва банкротлик» деб номланишини кўришимиз мумкин.
Хўш, бу Қонунни ишлаб чиқиш учун яна қандай зарурат мавжуд эди?
Иқтисодий ночор ва тўловга қобилиятсизлик масалаларини тартибга солувчи «Банкротлик тўғрисида»ги Қонун моҳиятан корхонани банкрот деб топиш ва уни тугатишга қаратилган бўлиб, унда корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантирувчи нормалар мавжуд эмас эди.
Статистик таҳлилларга эътибор қаратсак, 2020-2021 йилларда жами 15 745 та корхона банкрот, деб топилган бўлиб, уларнинг 2 фоизи фаолияти тикланган, 80 фоизи тугатилган, 18 фоизи бўйича тугатиш жараёни давом этмоқда.
Қонун билан корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий турларга ажратилмоқда.
Хусусан, Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ вақтинча тўловга қобилиятсизлик аломатлари деганда агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги, доимий тўловга қобилиятсизлик аломатли деганда эса агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса тушунилиши мумкин.
Бунга қадар амалда бўлган қонун талабига кўра, корхона тегишли тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида бажармаса ва унга нисбатан билдирилаётган талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз баравари, яъни 81 000 000 сўмни ташкил этса, унга нисбатан тугатиш таомили қўлланилар эди.
Шунингдек Қонуннинг олдинги таҳририда банкротлик иши қўзғатилган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилиши тақиқланган, бундай корхоналарга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмас эди.
Энди эса корхонага нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллашни рағбатлантириш мақсадида мазкур жараёнда жорий солиқ тўловларини тўхтатиб туриш, тижорат банклари ва молия институтларидан кредитларни жалб этиш, қарздорлик қисман қопланганда корхона фаолиятини кредиторлар розилиги билан тиклаш бўйича нормалар киритилди.
Умуман, қонуннинг амалга киритилиши тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини ошириш имконини беради.
Шу билан бирга, тўлов қобилиятини тиклаш имконияти бўлган корхоналарда корпоратив ва ишлаб чиқариш муносабатлари тубдан ўзгаради, иқтисодиёт соҳасида «ишлаб чиқариши қайтадан тикланган ҳамда янгидан тетиклашган субъектлар» фаолият юрита бошлайди.
Сарвар СОЛИЕВ,
Зангиота туманлараро иқтисодий судининг раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг