Токио ва Лондон бозорларида Ўзбекистон маҳсулотларига талаб ортиб бормоқда

17:16 06 Ноябрь 2025 Иқтисодиёт
358 0

Юртимизда пишиб етилаётган сархил ва серҳосил меваларимизнинг жаҳон бозоридаги нуфузи ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Бунда фарғоналик ишбилармонлар ва деҳқонларнинг ҳам ҳиссаси катта. Яқинда уларнинг меҳнати халқаро даражада эътироф этилиб, Фарғона узумлари Япония бозорига чиқишга муваффақ бўлди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида “Sherakhun” хусусий корхонаси томонидан Япониянинг “Washin Trading Co., Ltd” компаниясига дастлабки намуна сифатида юборилган узумлар япон импортчилари томонидан юқори баҳоланди. Кун чиқар юрт ишбилармонларининг ушбу эътирофи маҳсулотнинг сифати, балки унинг табиийлиги, таъми ва ташқи кўриниши билан ҳам изоҳланди. Натижада, томонлар ўртасида қиймати 1 миллион доллар бўлган экспорт шартномаси имзоланди.

Шартнома доирасида илк юк жўнатилди. “Келин бармоқ” ва “Қора кишмиш” навларидаги бир тонна узум маҳсулоти Токио шаҳрига муваффақиятли етказилди. Бу тарихий қадам Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳасидаги ўзига хос йўналишни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Шу партия билан бирга намуна тариқасида анор ва хурмо маҳсулотлари ҳам юборилди. Япон тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни юқори баҳолаб, яна бир муҳим келишувни амалга оширди. Улар Фарғонанинг “Quva-Agro Star” МЧЖ билан янги экспорт шартномаси имзоладилар. Японияга жами 4 165 килограммдан иборат узум, анор ва хурмо мевалари экспорт қилинди. Бу каби келишувлар ҳамда янги лойиҳаларнинг ишга тушиши Фарғона вилоятини, балки бутун мамлакатимизнинг халқаро савдо майдонидаги нуфузини янада оширади.

“Quva-Agro Star” МЧЖ раҳбари, тажрибали тадбиркор Шавкатжон Алиқулов 15 йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланиб келади. Унинг айтишича, Япония бозорига маҳсулот чиқариш учун сифат, экологик поклик, тақдимот маданияти, шунингдек, етиштириш технологияларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Катта тажрибага эга тадбиркор ҳаракати, тинимсиз изланишлари самараси ўлароқ туманда, қолаверса вилоятда етиштирилаётган узум, анор ва хурмо мевалари Японияга экспорт қилинмоқда. Жаҳон бозорида Фарғонанинг Қува мевалари номи жаранг сочишида жамиятнинг 20 нафарга яқин меҳнаткаш ишчиларининг ҳиссаси беқиёс. Улар ҳар бир мевани меҳр ва масъулият билан териб, саралаб, халқаро талабларга жавоб берадиган даражада тайёрлайдилар.

– Бугун Қуванинг ширин мевалари фақат Японияга эмас, ҳатто Англиянинг Лондон шаҳрига ҳам экспорт қилинаётганини фахр билан айта оламан, – дейди корхонанинг маркетинг бўлими бошлиғи Аброржон Абдуллаев. – Лондон бозорларида вилоятимизда пишиб етилган қовун, узум, анор, хурмо, беҳи мевалари, ҳатто кўкатлар ҳам сотувда. Ҳозирга қадар умумий ҳисобда 1617 килограммлик маҳсулотларимизни жўнатдик. Бундай сифатли меваларимизга талаб кун сайин ортиб бормоқда.

Қува тадбиркорларининг мана шундай муваффақияти ҳам иқтисодий аҳамиятга, ҳам миллий ифтихорга эга. Улар маҳаллий деҳқончилик анъаналарини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириб, “Made in Uzbekistan” брендини жаҳон бозорида танитмоқдалар.

Айни шу воқеалар мамлакатимизнинг жаҳон савдо бозорларига кириб бориши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг халқаро рақобатдошлигини ҳам намоён этади. Япония ва Англия бозорлари талабчан ва юқори сифат стандартларига эга. Демак, Фарғона маҳсулотларининг бу бозорлардаги муваффақияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатга, тозаликка ва замонавий қадоқлаш технологияларига катта эътибор берганидан далолатдир.

Экспорт ҳажмининг ортиши вилоят иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Янги иш ўринлари яратилади, фермерлар даромади кўпайиши натижасида улар янада юқори сифатли маҳсулот етиштиришга интилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг валюта тушуми ортиб, миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожига ҳисса қўшилади. Шунингдек, мана шундай ютуқлар ўз навбатида, бошқа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам катта илҳом ва янги имконият эшигини очиб беради.

Қисқача айтганда, Фарғона узумлари нафақат деҳқоннинг меҳнати, балки Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги номдор брендига айланмоқда.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?