Тойлоқда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди
Фото: Тойлоқ тумани ҳокимлиги
Тойлоқ туманида жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Тадбирлар Беҳбудий хотирасига бағишланган тантанали маросим билан бошланди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Тойлоқ тумани ҳокими Беҳзод Рахматуллаев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳалим Саидов сўзга чиқиб, Беҳбудийнинг миллий уйғониш жараёнидаги ўрни, унинг маърифат, матбуот ва театр соҳаларидаги улкан хизматлари ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.

Тадбир доирасида «Маҳмудхўжа Беҳбудий боғи»нинг очилиши ҳам бўлиб ўтди. Маросимда маърифатпарварнинг ҳаёт йўли ва халқ тараққиёти йўлидаги фидокорона фаолияти хотирланди. Шунингдек, Беҳбудийнинг чевараси Шоҳруҳ Беҳбудий сўзга чиқиб, аждодлар қолдирган маънавий меросни асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказиш муҳимлигини таъкидлади.
Иштирокчилар боғ ҳудудида ташкил этилган Беҳбудий номидаги кутубхона, уй-музей ва ўқув маркази фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, буюк жадид хотирасига бағишлаб ўрнатилган бюст очилишида иштирок этиб, унинг руҳига эҳтиром кўрсатдилар.

Маънавий тадбирлар доирасида Шопўлат маҳалласидаги маданият марказида Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодига бағишланган илмий-амалий конференция ҳам ўтказилди. Анжуманда олимлар, журналистлар ва зиёлилар маърифатпарварнинг илмий-маърифий мероси ва жадидчилик ҳаракатидаги фаолияти юзасидан маърузалар билан қатнашдилар. Хусусан, Ҳалим Саидов Беҳбудийнинг ҳаёт йўли ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Тадбирлар Самарқанд вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоаси томонидан саҳналаштирилган, Фармон Тошев қаламига мансуб «Беҳбудий» спектакли билан якунланди. Асар томошабинларда катта таассурот қолдириб, жадид маърифатпарварнинг мураккаб ва ибратли ҳаётини бадиий ифодада намоён этди.

Ушбу тадбирлар Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини чуқур ўрганиш, уни ёшлар онгига сингдириш ва миллий маънавиятни юксалтириш йўлидаги муҳим ташаббус сифатида баҳоланди. Якунда тадбирларда фаол иштирок этган ва Беҳбудий номини абадийлаштиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ олимлар ҳамда ижодкорлар Тойлоқ тумани ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, маърифатпарвар жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январь куни Самарқанд вилоятига қарашли Бахшитепа қишлоғида таваллуд топган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг