«Тўдакўл»да Халқаро шахмат мактаби қурилмоқда
Фото: Иллюстратив фото
Сўнгги йилларда мамлакатимиз шахматчиларининг халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари дунёда Ўзбекистон танилиши, республикамизда спортнинг ушбу тури янада оммалашишига замин яратди. Албатта, бу мамлакатимизда шахматни ривожлантиришга қаратилган эътибор ва муносиб рағбатнинг самарасидир. Зеро, спорт шундай соҳаки, ҳар қандай эътибор ҳам, эътиборсизлик ҳам натижада бирдек ўз аксини топади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айтайлик, дунёга футболдек миллионлар ўйинини туҳфа этган инглизлар ярим асрдан ошибдики, жаҳон биринчилигида ғолибликни қўлга кирита олишмаяпти. Мутахассислар буни Англия ички чемпионатида маҳаллий футболчиларга эътибор сустлиги билан изоҳлашади.
Шахматга қайтсак, эришилган марраларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Республикамиз Президентининг 2022 йил 5 августдаги «Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унда Қизилтепа туманининг «Тўдакўл» дам олиш базаси ҳудудида мактабдан ташқари давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланган Халқаро шахмат мактаби қурилиши белгиланган.
Қарорда мазкур мактаб зарур шахмат анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланиб, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларига эга бўлиши назарда тутилган. Шунингдек, турли даражадаги халқаро ва минтақавий мусобақалар — Шахмат олимпиадаси ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиадалар ҳамда бошқа мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги шахматчиларни тайёрлаш мақсадида мактабга юқори малакали мутахассис-тренерлар, психологлар ва услубчилар, шу жумладан жаҳоннинг машҳур халқаро гроссмейстерлари жалб этилиши белгиланган.
— Ўтган даврда Халқаро шахмат мактаби қурилишининг уч босқич объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди, — дейди Зарафшон қурилиш бошқармаси «Навоий» қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи Олимжон Фохиров. — Муҳандислик-геология қидирув ишлари бажарилиб, қурилиш мўлжалланган ҳудуддаги дарахтлар вилоят экология бошқармаси билан келишган ҳолда кўчирилди.
Ҳозиргача ўқув блокида электр асбоб-ускуналари ва сув қувурларини монтаж қилиш, юз ўринли ётоқхонада ғишт териш, ётоқхона биносида ички ва ташқи пардозлаш ишлари ниҳоясига етказиляпти. Шахмат мактабининг спорт зали яқин кунларда тайёр ҳолга келтирилади. Ўқув биносининг ички қисмида гипсокартон деворларни ўрнатиш, ётоқхонанинг иккинчи қаватида сувоқлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Тренажёр машғулотлар залининг томи ёпилди. Бинонинг олд қисмига замонавий панель, ётоқхонанинг томига профнастил ўрнатилмоқда. Халқаро шахмат мактаби ҳудуди ободонлаштирилиб, бўш майдончалар, йўлаклар оралиқларига гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мазкур мактаб қурилиши шунчаки иншоот бунёд этилиши эмас, балки мамлакатимиз Президенти қарорида белгиланганидек, ҳар йили Халқаро шахмат мактабида жаҳоннинг машҳур халқаро гроссмейстерлари иштирокида ёш шахматчилар учун тренинг ва маҳорат дарсларини ўз ичига олган мавсумий оромгоҳ, «Тўдакўл» брендини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилиш орқали Халқаро шахмат мактаби фаолиятини оммалаштириш манбаи ҳамдир. Шубҳасиз, бунинг ҳам самараси тез орада ўзининг ижобий натижаларини кўрсатади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг