Тирбандликни йўқотиш тартиб-интизом ва қўшимча қулайлик демак

10:28 22 Июль 2025 Жамият
202 0

Архив фото

Бугуннинг гапи

Олимларнинг тадқиқотига кўра, битта автомобиль бир йилда 20 — 30 киши нафас олиши учун талаб этиладиган кислородни ютиб юборади. Бу техника шаҳарликники бўлса-ю, унинг тирбандликдан боши чиқмаса-чи?..

Яна бир эътибор тортадиган рақам: ҳар йили битта автомобиль ўртача 4 тонна оксигенни ҳаводан олиб, 800 кг. ис газини, 40 кг. азот оксидини, 220 кг. турли газларни ташқи муҳитга чиқаради. Агар биргина пойтахтимизда 600 мингдан ортиқ автомобиллар ҳаракатланаётганини назарда тутсак, нега Тошкент жаҳонда энг ифлос шаҳарлар рўйхатида карвонбошилик қилаётганини англаш қийин эмас.

Жамоат транспорти соатдек ишласа...

Аслида, автомобиль тўхташ жойларининг етишмаслиги ҳам тирбандликни кўпайтирмоқда. Шу боис йирик шаҳарларда автомобиль эгалари ўз техникасини йўл бўйига қўйишга мажбур бўлмоқда. Аксинча, айрим вазирлик ва ҳокимликлар ўз ҳудудларига махсус белгилар қўйдириб, ишхона ҳовлисини тақа-тақ ёпиб олган. Энди бунга чек қўйилади, тақиқловчи белгилар олиб ташланади. Ҳайдовчиларнинг қоидабузарлик бўйича жавобгарлиги ҳам, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги тарғибот ишлари ҳам янада кучайтирилади.

Бу бўйича шу йил 9 июль куни Президентмиз раислигида ўтказилган видеоселекторда аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Архив фото

Ушбу йиғилишда бугунги кундаги энг долзарб муаммо — йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва инфратузилмани яхшилаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда йўл қурилиши ва таъмирлашга 61 трлн. сўм пул ажратилган, онлайн тизим ишга туширилгач, йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасига келувчилар сони 50 фоизга камайган, 3 минг 365 нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимига планшет ва бодикамералар берилган. Шунга қарамай йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати, автоҳалокатлар сони кўпайиб бормоқда. Ўтган йили 9 минг одам жароҳатланиб, 2 минг 203 киши ҳалок бўлган. Бу рақам ўртача бир қишлоқ ё бир маҳалла аҳолиси билан тенг. Муаммонинг моҳияти ҳам ана шунда.

Йиғилишда “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланиши маълум қилинди ва шунга мос равишда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил этиладиган бўлди. Мазкур жамғарма ҳисобига шу йилнинг ўзидаёқ турли манбалар ҳисобидан 400 млрд. сўм пул тушиши кўзда тутилган. Сентябрь ойигача пойтахтга 200 та, сўнг яна мингта автобус олиб келинади. Шу тариқа 25 мингта енгил автомашина қатновининг камайишига эришиш мумкин.

Тан олиш керак, аксарият ҳолларда одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш учун яратилган автомобилни беписандлик билан бошқариш фожиага олиб келмоқда. Айниқса, йирик шаҳарлардаги ҳолат жуда ташвишли. Йўлўтказгич устидами, катта йўлдами авария содир бўлса, шикастланган техникалар кўндаланг туриб қолади, автомашиналар эгаси ким айбдорлигини аниқлаб, кўчани бўшатгунча йўлнинг қатнов қисми кескин тораяди. Минг афсуски, бундай ҳолат пойтахтнинг энг гавжум кўчаларида тез-тез такрорланмоқда.

— Агар шаҳарда жамоат транспорти соатдек ишласа, автобусларнинг оралиқ қатнови худди ривожланган давлатлардаги каби бир-икки дақиқадан ошмаса, нима қиламан, шахсий автода юриб, асабни бузиб, — дейди тошкентлик ҳайдовчи Умид Қурбонов. — Яна бир ачинарли ҳолат. Шахсий автомобилда юрганда вояга етмаган болалар, қизлар миниб олган скутер ва мотоциклларни кўриб юрагим увишади. Уларда на давлат рақами, на “каска” бор, на қоидага амал қилади, баъзан светофорнинг қизил чироғида ҳам ғизиллаб ўтиб кетишади. Уларнинг кўпчилиги ташувчи, шошади, мижозга учиб борсаю ҳақини олиб иккинчи “заказ”га улгурса. Олдингдаги машина тошбақадай имиллаб турган маҳал скутерларнинг аридай зувуллаши асабни баттар бузади. Назаримда, булар том маънода ҳаракат хавфсизлигининг қўпол равишда бузилиши. Уларни ҳам умумий қонун-қоидаларга бўйсундириш вақти келди чоғи.

— Сайёҳлик йўналишидаги бизнесни кенгайтирай деб Испаниянинг Понтеведра шаҳрида бўлдим, — дейди самарқандлик тадбиркор Ботиржон Салоҳиддинов. — Илгари бу шаҳардаги 300 минг квадрат метр ерни автотураргоҳлар эгаллаган ва тирбандликлар туфайли аҳоли ўртасида ўзимизда “дамқисма” дейдиган касаллик тарқаган экан. Маъмурият қатъий чора сифатида шахсий автомобиль эгаларига шаҳарга киришни буткул тақиқлабди. Жамоат транспорти тўлиқ электробусга ўтказилган. Қарангки, тез орада хасталик чекинган. Бугун Понтеведра ҳавосидан нафас олиб тўймайсиз. Ҳар қадамда дарахт, яшиллик, пиёдалар учун турли-туман қулайликлар. Турфа гулларни айтмайсизми? Бизда ҳам лоақал шаҳарнинг ярми шундай қилинса-чи, Тошкентда, Самарқанду Бухорода!

Ҳар қандай янгилик у солиқ тури сифатида тақдим этилса, кўпчиликка ёқмаслиги тайин, аммо вақт ўтиб фойдаси яққол кўринса, бу кескин чорани қўллайдиганлар кўпайиши тайин. Масалан, Стокгольмда тирбандлик учун солиқ жорий этилганда шаҳар маъмуриятининг бу қарорига 10 кишидан 7 нафари қарши чиққан, нега пул тўлашимиз керак, дейишган. Орадан беш йил ўтгач, вазият тубдан ўзгарди. Эндиликда ҳар бир автомобиль эгаси шаҳарнинг зарарланган ҳудудида ҳаракатлангани, тирбандлик ҳосил қилгани учун қўшимча солиқ тўлаяпти. Албатта, электромобили борлар бундан мустасно.

Кўкка совурилаётган вақт

Тажрибали шифокор-реаниматолог Бурҳон Ўриновнинг мулоҳазаларига кўра, ҳавонинг кучли ифлосланиши жуда хавфли, оқибати хунук воқеаларга сабабчи бўлади. Бунга ўтмишда мисоллар кўп. 1952 йилнинг ёзида Лондон осмонида пайдо бўлган ифлос ҳаво қатлами туманга қўшилиб пастга тушган ва 4 минг кишининг ёстиғини қуритган. 1970 йили эса Токио шаҳрида ана шундай тутун оқибатида 8 минг киши заҳарланиб, шифохонага ётқизилган. Автомобиллар тирбандлиги муттасил ошавериши оқибатида мана шундай нохуш ҳолат пойтахтимизда ҳам кузатилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шундоғам ҳаво ифлосланиши, автомобиллардан чиқаётган ис гази сабабли пойтахтимиз аҳолиси ўртасида аллергик хасталиклар, саратон кейинги йилларда кескин ошаётганини статистик рақамлар тасдиқлаб турибди. Бу дарддан, айниқса, болалар жабр кўряпти.

Тирбандликдан “Тез ёрдам” автомашиналарида олиб кетилаётган беморлар кўпроқ азият чекмоқда. Ҳайдовчи буни ҳис этмаслиги мумкин, бемор ҳам юқори шок ҳолатида бўлар, аммо унинг ёнида турган қондош-қариндошнинг ҳолати нечоғли оғир?.. Қолаверса, иссиқ жонмиз, эртами-кечми, ўзимиз ҳам ўша бемор ўрнида бўлишимиз мумкин. Мавзунинг одамни бефарқ бўлишга йўл қўймайдиган жиҳати ҳам ана шунда. Баъзан “101”, “102”, “104” сингари махсус техникалар ҳам сигнал чалиб йўлларда туриб қолади, қани энди қаноти бўлсаю учса.

Архив фото

— Икки-уч йил илгари кўпам билинмасди. Ҳозир, “Қорасув сити” ё Тойлоқ томондан шаҳарга кириб бориш, айниқса, эрталаб жуда қийин. 5-6 километрлик масофага бир соатдан ортиқ вақт йўқотяпман. Асабим йўлда тамом бўляпти, — дейди самарқандлик тадбиркор Нодиржон Тоиров. — Агар мен каби минглаб одамлар шундай дардга дучор этилган бўлса, бунинг мамлакатга келаётган зарарини бир чамалаб кўринг-а. Эҳ-ҳе...

Қолаверса, Самарқанд дунёнинг сайқали, дея эътироф этилаётган, сайёҳлар кун сайин кўпайиб бораётган бўлса. Аслида, бу масала биз учун яқинда пайдо бўлган. Хорижда, хусусан, Лондонда битта ҳайдовчи йилига ўртача 156 соат, Чикагода 155 соат, Парижда 138 соат ортиқча вақт сарфлайди. Аммо юртимизнинг йирик шаҳарларида ҳам тирбандлик муаммоси куча­йиб бораётган маҳал энди нима бўларкин, дея қўл қовуштириб ўтиришга заррача асос бўлмаслиги керак. Чорасини топайлик, жўяли таклифларни қўллаб кўрайлик. Бугун давосини топмасак, эртага тирбандлик тараққиётга, барча хайрли ишларимизга тушов бўлади.

Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда беқиёс ишлар қилинди. Кўкламда экилган мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари тез орада яшилликка айланиб, ҳаётимизга янада файз киритади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тобора кўп қаватли уйлар урчиб бораётган пойтахт учун жуда керак, аммо юқорида тилга олганимиз — тирбандлик, автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар аҳволимизни янада оғирлаштирмоқда.

Пойтахтимизга кунига 1 миллион одам ташриф буюрса, шундан 275 минг нафари Тошкент вилоятидан келади. Шу боис пойтахт жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олиши жуда муҳим. Бу Президентимиз ўтказган йиғилишда ҳам алоҳида таъкидланди ва ижтимоий тармоқларда эълон қилингач, кенг жамоатчиликка маъқул келди.

Шунга қарамай тирбандлик ҳар кун, ҳар лаҳза хаёлимизда айланади. Ижтимоий тармоқларда ёзилганидек, кунига бир миллиондан ортиқ йўловчиларга хизмат қилаётган Тошкент метрополитени мутасаддилари эрталаб ва кечқурун тирбандлик кучайиб кетаётганини таъкидлаган ҳолда, йирик ишлаб чиқариш ва ўқув муассасаларининг иш ҳамда ўқиш бошланиши вақтларини ўзгартиришни таклиф этмоқда. Уларнинг фикрича, бу нафақат метродаги тиғизлик, ер устидаги йўллардаги тирбандликни ҳам камайтиради.

Пуллик йўллар ва автотураргоҳлар

Йирик шаҳарларга кириб-чиқиш пуллик бўлса-чи, худди Жанубий Кореядаги сингари? Балки шаҳарга кираверишда кўп қаватли автотураргоҳлар бунёд этилса, одамлар ўз автосини ўша жойда қолдирар, сўнг жуда тез ва тартибли қатнайдиган электробусларда, метроларда ишга, ўқишга ва керакли жойларга борар? Жамоат транспортининг хизмат кўрсатиш маданияти, тезкорлиги ортса, кўпчилик шаҳар ичида ўз енгил автомашинасидан фойдаланмай ҳам қўяди. Ёз чилласида совиткичи, юмшоқ ўтирғичи ва кўчани бемалол кўриб кетиш имкони бўлган, муҳими, ҳайдовчи сингари доимий диққат талаб этмайдиган ҳолатда дам олиб манзилга етиш кимга ёқмайди, дейсиз. Харажати ҳам чўнтакка жабр эмас. Қолаверса, шу тариқа йирик шаҳарлар, хусусан, пойтахт ҳавоси ҳозиргидан ўн карра, юз карра тозаланиб, аҳоли саломатлиги яхшиланади, тирбандлик ҳам камаяди. Бу очиғи, ҳозирча орзу, аммо чораси йўқ иш эмас.

Архив фото

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўллардаги тирбандликнинг олдини олиш мақсадида 14 мингга яқин пуллик автотураргоҳ қурмоқчи. Келгусида эса жами 84 мингта паркинг майдони ташкил этишни ҳам режалаштирмоқда.

Маълумотларга кўра, пойтахт ҳокими транспорт инфратузилмасини яхшилашу тирбандликларни камайтиришга, жамоат транспорти ва микромобиллар жозибадорлигини оширишга, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қулайлик яратишга астойдил киришган. Тўхташ жойлари 10 йил муддатга “Е-AUKSION” орқали ижарага берилади. Автотураргоҳ нархлари ҳудудга қараб аҳоли учун қулай нархда — 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача бўлади. Бундан ташқари, турли соҳа кишилари қўшимча равишда кўп қаватли автотураргоҳларни масжидлар яқинида бунёд этишни таклиф қилишмоқда.

Агар кўп қаватли автотураргоҳлар кўпайса, автомашиналарни хавфсиз сақлаш, масжидгами, бозоргами ё ишгами бемалол бориб келиш имкони туғилади. Айримлар автотураргоҳ тўловидан чўчимай техникасини уч-тўрт кунга шу ерда қолдириши ҳам мумкин. Шундай танти тадбиркорлар ҳам борки, уларга автотураргоҳ қуринг, ундан масжид аҳли ҳам фойдаланади дейилса, йўқ демайди, бугуноқ енг шимариб, ишга киришиб кетади...

Эсдан чиқаёзган «Автомобилсиз кун»

Ҳукумат топшириғига биноан, 2024 йил март ойидан бошлаб ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни (агар байрам кунига тўғри келса, пайшанба куни) Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинган эди. Шу ҳужжатда вазирлик ва идоралар, ҳудудий ижро этувчи ҳокимлик органларининг раҳбар ва масъул ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиб, намуна кўрсатиши назарда тутилганди.

Архив фото

Афсуски, бу хайрли ташаббус бироз унутилди, бунга айрим раҳбарларгина амал қиляпти, холос. Ишхонангиз уйдан узоқда бўлса, марҳамат, велосипеддан фойдаланинг, бу ҳам “Автомобилсиз кун”га мос келади, дегимиз келяптию, аммо бу борада ҳам кемтиклик мавжуд. Пойтахтнинг каттаю кичик йўлларида велосипедлар йўлаги аксарият ҳолларда учрамайди. Велойўлак бўлмаса, албатта, ҳаракатланиш сизга фақат қўшимча ташвиш туғдиради. Шаҳар ҳокимлиги бу ҳақда ҳам ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди.

Ёки кўп машинали оилалар учун қўшимча солиқ киритиш ҳам тирбандликни камайтиришда мақбул восита бўлиши мумкин. Шунингдек, бугунги “ахборотлашган жамият”да корхона ва ташкилот ходимларининг бир қисмини масофадан ишлаш режимига ўтказиш қатновнинг камайишига, вақтнинг тежалиши ҳамда атмосферага чиқадиган заҳарли газлар миқдорининг пасайишига олиб келади, деган таклифлар айтилмоқда. Худди шундай амалиётни банк, молия ва иқтисодиёт каби соҳаларда қўллаб кўриш керакдир, балки.

Албатта, энг мақбул йўл баҳсларда, кўпни кўрган тажрибали кишиларнинг мулоҳазаларида, кузатишларида кўзга яққол ташланади. Қолаверса, муаммонинг ечимини топишда халқ вакиллари саналган депутатлар ҳам ўз таклифлари билан иштирок этса ёмон бўлмайди. Ахир, бу дардга ўзимиз даво топишимиз керак, акс ҳолда фаолиятимиз қийинлашади, ҳаётимиздан мазмун йўқолади. Қисқача айтганда, тирбандлик умуммуаммога айланган экан, унинг чипқон мисоли янада “газак” олишига йўл қўймаслигимиз керак.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер