Тил — миллат руҳидир

21:14 21 Октябр 2021 Маданият
597 0

Инсонга ато этилган неъматлар орасида тил, хусусан, она тилининг ўрни беқиёс. Тилдек барчага бирдек тегишли, қанча ишлатилса, шунча оҳори ортадиган бошқа хазинани топишимиз мушкул. Тилимиз софлигига шу тил эгаси сифатида кичик бир улуш қўшолсак, демакки, умримиз ҳам тилимиз билан юксалаверади.

Ҳамюртларимизнинг фикрлари ҳам тилимизни асрашда ҳар бир инсоннинг алоҳида ўрни борлиги хусусида.

Рўза НИЁЗМЕТОВА, педагогика фанлари доктори, профессор:

— Миллий тил ҳақида сўз борар экан, беихтиёр маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ёдга тушади: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Она тилимизга давлат тили мақоми берилганидан кейинги ўтган даврда кўплаб ишлар амалга оширилди, расмий-идоравий қоғозлар асосан ўзбек тилида юритилмоқда, кўча-кўйдаги эълонларнинг ҳам давлат тилида бўлишига эътибор берилмоқда. Ўзга миллат вакиллари ҳам нутқий фаолият турларидан нутқни тинглаб тушуниш ва ўқишни эгаллашда жонбозлик кўрсатмоқда. Она тилидан, шунингдек, русийзабонлар учун ўзбек тилидаги мактаб дарсликлари йил сайин такомиллаштирилиб борилмоқда. Лекин ўзбек тили таълимини ҳам, она тили таълимини ҳам янада самарадор қилиш учун булар етарли эмас. Чунки тадқиқот олиб бораётган изланувчилар монография, методик қўлланма, ўқув қўлланмалари тайёрлар экан, аксарият ҳолларда уларни оз ададда, кўпи билан 100 тадан 300 тагача нусхада нашр эттиради. Саноқли ўқитувчиларнинг ушбу нашрлардан баҳраманд бўлиши юртимиздаги барча ўқитувчилар улардан бехабар бўлиши олдида ҳаминқадардир. Китоб дўконларида ўзбек тилининг академик грамматикаси ҳақидаги асарлар, шаклан ўзига хос бўлган тилимизни ўқитишга доир қўлланмалар пайдо бўлиши умумий методик ва нутқий саводхонликни оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилади.

Унутмаслик керакки, қайсики халқнинг тили таназзулга юз тутса, ўша халқнинг инқирози муқаррардир. Шунинг учун ўз қадрини билган миллат она тилини ўзини асрагандай асрайди, унинг тараққиёти, тақдири учун муттасил курашади.

Нилуфар ХОЖИМАТОВА, Миробод туманидаги 125-умумтаълим мактаби директори:

— Тил ҳар қандай миллатнинг тафаккури ва маданиятини ҳам белгилайди. Она тили ва адабиёти ривожи йўлида шижоат кўрсатаётган халқ ўз келажагига бефарқ бўлмаган халқдир. Чунки, тил ва адабиёт тараққиёти бу маънавий юксалишнинг биринчи босқичидир.

Тўғри, биз қайсидир маънода 30 йилки тилимизни сақлаб қолиш, ривожлантириш учун ҳаракат қиляпмиз. Аммо назаримда, натижа қониқарли эмасдек. Чунки бу жараёнга фақат масъул ташкилотлар эмас, ҳар бир фуқаро жавобгар бўлиши лозим. Унутмаслик жоизки, инсон ўз она тилини қадрламас экан, тараққиёт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Демак, ўзбек тилининг жамиятимиздаги ва халқаро миқёсдаги нуфузини янада ошириш ҳар биримизнинг бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимизга боғлиқ. Бугун фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк молия тизими, юруспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби ўта муҳим тармоқларда ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришиш, шу мақсадда замонавий дарсликлар, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш салоҳиятли тилшунос олимларимиз олдидаги муҳим вазифа бўлиб турибди.

Ишонаманки, энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишни мақсад қилган халқимиз она тилимиз, тарихимиз ва маданиятимиз билан ҳам дунёнинг энг мўътабар мақомларидан жой олади.

Бекмурод АЛИМОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси:

— Оддий аҳоли фикрини адабий тилда ифодалашга қийналади. Бир неча хорижий  тилларни мукаммал билган ҳамюртларимиз учун эса ўз фикрини ўрганган тилларида ифода этиш қулай. Ўзбек адабий тилининг бутунлай халқимизга сингиб кетмаётганлиги бироз оғриқли ҳолат чиндан ҳам. Бу хусусда Эркин Воҳидов шундай ёзган эди: “Ўзбек тилининг ўз грамматикаси — сарфу наҳви йўқ. Кимга тобе бўлсак унинг тили қоидаларини олганмиз. Ҳозирда рус тилининг сўз ясаш, гап қуриш, имло талабларини шундоққина қабул қилганмиз. Тилшунослик атамаларимиз бари русчадан таржима қилинган. Ўз она тилимизга мос грамматика яратиш ҳам олимларимиз бўйнидаги қарз. Ҳам бугунги авлод, ҳам келажак насллар олдида ўташ зарур бўлган, кечиктириб бўлмас қарз бу!”.

Дарҳақиқат, адабий тилимизнинг ягона, стандартлашган шакли ҳали ниҳоясига етмаган. Халқнинг жонли тилини ифодалаб бера оладиган адабий тилга эҳтиёжимиз юқори. Бу тилшунослигимиз олдида турган қатор долзарб муаммолардан биридир.

Аслида она тилимиз биз учун катта бойлик ҳисобланади. Унинг софлиги учун тилшуносмизми ёҳуд талаба, барчамиз бирдай масъулмиз. Аммо ҳар йили тил байрами арафасидагина буни ёдга оламиз. Тилимиз бойлиги ва гўзаллиги ҳақидаги шеър ва қўшиқлар орқали тилимизга эътибор ва эътирофимизни намоён этишга интиламиз. Аслида эътиборимизни намоён этишимиз учун тил байрамини кутишимиз шарт эмас. Кундалик ҳаётимизда, фаолиятимиз давомида ҳар биримиз буни амалга оширишимиз мумкин.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?