"The Forbes": Ўзбекистон Буюк ипак йўлининг маркази сифатидаги тарихий ролига қайтмоқда
Американинг нуфузли "The Forbes" нашрида «Биз Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда катта умид бўлган Ўзбекистонга эътибор қаратишимиз керак» сарлавҳали мақола чоп этилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Материалда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар таҳлил қилинган.
Хусусан, давлатимизнинг пахта далаларида мажбурий меҳнатни бекор қилиш, гендер тенглиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, демократик ислоҳотлар ўтказиш, коррупцияга қарши курашиш, ёшлар бандлигига эришиш каби масалалардаги сезиларли ютуқлари, шунингдек, Афғонистонда барқарорликка эришиш жараёнидаги фаол иштироки алоҳида қайд этилган. “Ўзбекистон қисқа муддат ичида, кутилмаганда, гўёки узоқ вақтлик уйқусидан уйғониб, атрофдаги давлатларга янги даврга қандай ўтиш мумкинлиги бўйича ўрнак бўлди. Мамлакат кўп жиҳатдан Буюк ипак йўлининг маркази сифатидаги тарихий ролига қайтмоқда", — деб ёзади мустақил журналист Мелик Кайлан.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги «таъсирчан нутқи»ни таҳлил қилар экан, мақола муаллифи мамлакатимиз раҳбарининг мавжуд камчиликларни аниқ ва холис белгилашдаги қатиятини таъкидлаган. Давлат раҳбари бундай саъй-ҳаракатларга ҳақли эканин қайд этаркан, журналист аввал олдга қўйилган мақсадларга эришишда катта ютуқлар қўлга киритилганини эътироф этади: “миллий парламент таркибидаги хотин-қизлар сафи икки бараварга кенгайди, қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ ҳажми беш бараварга ошди».
Нашр Ўзбекистонга тарихий нуқтаи назардан нигоҳ ташлаб, қуйидаги сатрларни битган: «Ипак йўли цивилизация тарихида глобал қутблар, асосан Ғарб ва Шарқ ўртасида қуруқлик орқали турли маҳсулотлар, ғоялар, технологиялар, тиллар ва, энг аввало, маданиятлар алмашинувини амалга ошириш учун ҳаёт чизиғи вазифасини ўтаган. Асрлар, ҳатто минг йиллар давомида у дунёнинг марказий қон томири бўлган. Ипак йўли асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди, унинг шаҳар ва воҳалари ташкил қилган. Шарқдан ёки ғарбдан чўллар орқали карвонларда ҳаракатланаётган, ҳориган саёҳатчилар ва савдогарлар уфқда қандайдир сароб кўтарилиши, милтиллаб кўзга ташланаётган истеҳкомларни қамраб олган яшиллик, кўнгилга ёқадиган хуш ҳаво, мевали дарахтлар ва гуллаб-яшнаётган ўсимликлар ҳақида орзу қилган. Афсонавий Бухоро, Хива ва Самарқанд номлари ҳашаматли бойлик ва қадимий урф-одатларни ўзида мужассам этган. Тут, ипак ва анор. Ер юзидаги энг лаззатли қовунлар. Бетакрор матолар. Бозорлардаги қимматбаҳо тошлар ва нафис тақинчоқлар. Фалсафа, мусиқа, математика, нафис миниатюра санъати. Ўзбекистон асрлар давомида дунё онгида ўзгармас ўринни эгаллаб келган. Мамлакат ушбу ўзига хосликни яна қайтариши мумкин».
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенг кўламли ислоҳотлари ҳақида ҳикоя қилар экан, муаллиф қуйидагиларни ёзади: «У шунчалик улкан, ўта радикал ўзгаришларни бошладики, уларни «ўзбек баҳори» деб аташ мумкин. 2019 йил июль ойида мамлакат қандай қилиб кутилмаганда ва ишончли тарзда бизнес учун очилгани ҳақида ёзган эдим. Мен ўшанда капитал бозорларига бағишланган семинарда қатнашгандим. Унда ўзбекистонлик (асосан ёш) банкирлар ва саноатчилар Уолл-стрит идоралари вакилларига янги шароитда эрта инвестициялар киритиш афзалликлари тўғрисида маълумот беришарди. Мен Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг (CMDA, АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясининг Ўзбекистондаги ўхшаш ташкилоти) ёш, Америкада таълим олган директори Отабек Назиров билан суҳбатлашдим. Мени унинг самимийлиги ва масалага реал нигоҳ билан қараши таъсирлантирди. Вазир даражасидаги амалдорнинг бу янги хусусияти Ўзбекистонда бошқарув тизимида сезиларли инқилоб рўй берганидан далолат эди».
Мақолада, шунингдек, ўтган йили «The Economist» журнали Ўзбекистонни «Йил мамлакати», деб эълон қилгани эсга олинади ва бундай эътирофга мажбурий меҳнат муаммоси ҳал этилгани, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва демократлаштириш жараёни сабабли эришилгани таъкидланган.
«2019 йил декабрь ойида «The Economist» журнали Ўзбекистонни йил мамлакати, деб атади. Мамлакат ислоҳотлар кўлами ва барча йўналишлардаги ижобий ўзгаришларда ҳаммадан ўзиб кетди, - деб ёзади «The Forbes» муаллифи. – Бу, албатта, содир бўлди. Авваллари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини жиддий ташвишга солган болалар меҳнати деярли бекор қилинди. Ўнлаб сиёсий маҳбуслар озод қилинди - бу бир мунча вақт Шимолий Корея билан таққосланган жой учун мўъжиза эди. Қўшни Афғонистонни иқтисодий муносабатлар, савдо-сотиқ орқали барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтирилди, шу жумладан афғон чегараси яқинида йирик эркин савдо маркази ташкил этилди. Ҳукумат таркибида ишлаш учун бутун дунёдан кўплаб истеъдодли шахслар жалб қилинди».
«The Forbes» мақоласида Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий сиёсат, жумладан, пандемия шароитида амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинган. Бу ҳақда, хусусан, шундай дейилган: «Биринчидан, иқтисодиёт тез ўсди. Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин экспорт қилувчи давлатга айланди. Бу ҳолат, шунингдек, сўнгги пайтларда Covid-19 туфайли глобал талабнинг ошиши сабабли металл нархининг кўтарилиши иқтисодий саломатликнинг ажойиб кўрсаткичига олиб келди: Ўзбекистон Covid-19 инқирози даврида рецессияга тушмаган ноёб мамлакатга айланди. Аммо мамлакат асл мақсад - иқтисодиётни диверсификация қилиш, яъни хомашё экспортидан маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ва юқори технологияли секторни ишга тушириш сари одимламоқда».
Мақола муаллифи иқтисодий мавзуни давом эттирар экан, бизнес юритишни қўллаб-қувватловчи хорижий ва маҳаллий маблағлар оқимини сақлаб қолиш, хусусий сектор иштирокини ошириш учун шаффофлик, маҳсулдорлик ва давлат тасарруфидаги саноат тармоқларини хусусийлаштириш каби стандарт шартлар қўлланилаётгани ҳақида ҳикоя қилади. «Шу мақсадда мамлакат «FTSE» (The Financial Times Stock Exchange – Financial Times фонд биржаси) ва MSCI (бош қароргоҳи Ню-Ёркда жойлашган Америка молия компанияси) каби умум эътироф этилган индексларга қўшила олиш учун етакчи халқаро ташкилотлар билан энг илғор универсал стандартларга мувофиқ қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар яратиш устида ишламоқда», - дейилади мақолада.
«The Forbes» Ўзбекистонда коррупцияга қарши амалга оширилаётган чораларга ҳам алоҳида эътибор қаратган. «Ҳукумат коррупцияга қарши курашиш бўйича агентлик ташкил қилди, - деб ёзади Мелик Кайлан. – Кампания шу қадар фаол тус олдики, унда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиб, ижтимоий тармоқларда коррупция можароларига оид далилларни эълон қилмоқда ва жиноятчиларни фош этмоқда. Танқидлардан холи, тизимли пора учун автоматик равишда жазо олинмаган кунлар ортда қолди».
Мақола хулосасида Ўзбекистон ўз ривожланиш моделини ишлаб чиққани, бунда сиёсат ва иқтисодиёт ўртасида мувозанат иқтисодиётга кўпроқ ён босиш орқали эришилаётгани таъкидланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг