Термизда «яшил иқтисодиёт» бўйича халқаро конференция ўтказилди
Термиз давлат университетида «Яшил иқтисодиёт: халқаро тажрибалар, муаммо ва ечимлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон ва хорижлик олимлар табиат ресурсларини тежаш, экологик хавфсиз иқтисодий модель яратиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича қатор қонунлар, стратегия ва дастурлар қабул қилинди. Ушбу йўналишда таълим, саноат ва энергетика соҳаларида амалий ишлар йўлга қўйилгани таъкидланди. Конференция иштирокчилари Сурхондарё вилоятидаги иқлим шароити ва мавжуд имкониятлар яқин йилларда муқобил энергия турларини кенг жорий этиш учун катта салоҳият яратишини қайд этдилар.

Анжуманда Туркия, Франция, Нигерия ва Ўзбекистон олимлари экотехнологиялар, инновацион ёндашувлар ва барқарор ривожланишга доир илмий таклифларини тақдим этдилар. Шу билан бирга, параллел равишда ўтган «Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишнинг устувор масалалари» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани маҳаллий эҳтиёж ва амалиётга оид ечимлар билан муҳокамаларни янада бойитди.
— Яшил иқтисодиётга ўтиш фақат экологик хавфсизликни таъминлаш билан чекланмайди, — дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Носир Маҳмудов. — У иқтисодий ўсишнинг янги драйверини яратади. Бундай конференциялар илмий билим ва амалий тажрибани бирлаштиришга хизмат қилади. Айниқса, табиий салоҳияти юқори бўлган Сурхондарёда қайта тикланувчи энергияни кенг жорий этиш самарадорлиги янада ошади.

Термизда ўтказилган мазкур учрашув «яшил иқтисодиёт» борасида миллий сиёсат ва халқаро тажрибаларни уйғунлаштиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Миллий терма жамоанинг ЖЧдаги ўйинлари қачон ва қаерда ўтиши маълум бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг