Термизда ЭКО маркази ташкил этилади: ҳокимлик расмий муносабат билдирди

11:45 24 Ноябрь 2025 Жамият
169 0

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон репродуктологлари ассоциацияси раиси, тиббиёт фанлари доктори Дилмурод Иргашевнинг Сурхондарё вилояти ҳокими номига йўллаган мурожаати кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Мурожаатда, жумладан, Термиз шаҳрида замонавий ЭКО марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги мазкур мурожаат юзасидан расмий муносабат билдирди. Қайд этилишича, Д.Иргашев томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар масъуллар томонидан атрофлича ўрганилган. Вилоят ҳокимининг ўринбосари тадбиркор билан телефон орқали боғланиб, мурожаатда кўтарилган масалаларни батафсил муҳокама қилган.

Расмий маълумотга кўра, вилоят ҳокимлиги Термизда ЭКО маркази ташкил этиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бундай марказнинг очилиши аҳолига қулай ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириши, бепуштлик муаммоси билан курашишда янги босқични бошлаб беришини таъкидлаган ҳокимлик, бу йўналишда барча зарур амалий ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Д.Иргашевнинг воҳада соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, хусусан, репродуктив саломатлик хизматларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари юқори баҳоланмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тадбиркор билан келгусида ҳам яқин ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?